АҚШ Саида Мирзиёевага мукофот берди
Жамият
−
09 Июнь 10943 2 дақиқа
АҚШ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёевани мамлакатда шаффофлик тамойилларини илгари суриш, жамоатчилик билан очиқ мулоқотни ривожлантириш ва ахборот сиёсатини модернизация қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларни эътироф этувчи мукофот билан тақдирлади. Бу ҳақда Мирзиёева ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ёзди.
Саида Мирзиёевага мукофотни бугун, 9 июнь куни Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лемм топширди. Мирзиёева ва Лемм учрашувида икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва келажакдаги истиқболли йўналишларини муҳокама қилинган.

Шунингдек, суҳбат давомида устувор бўлган мавзуларга — аёллар учун имкониятларни кенгайтириш ва бизнес билан шуғулланишни хоҳлаган барча фуқаролар учун тенг шарт-шароит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, Ўзбекистон-Америка бизнес форуми – икки давлатнинг 150 дан ортиқ ишбилармонлари ўртасида янги лойиҳа ва ғояларни тўғридан тўғри муҳокама қилиш учун самарали ва ўзига хос платформа экани таъкидланган.
“Лемм хоним томонидан тақдим этилган, Ўзбекистонда шаффофлик тамойилларини илгари суриш, жамоатчилик билан очиқ мулоқотни ривожлантириш ва ахборот сиёсатини модернизация қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни эътироф этувчи мукофот учун самимий миннатдорлик билдираман”, деб ёзди Мирзиёева.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 9 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форуми арафасида Америка Қўшма Штатларининг етакчи компаниялари делегацияси билан учрашув ўтказганди. Учрашувда АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Эрик Мейер, Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм, Халқаро тараққиёт молия корпорацияси вице-президенти Брез Бетани, шунингдек, "Boeing", "FLS", "Visa", "NASDAQ", "Air Products", "Franklin Templeton", "Morgan Stanley", "Cоcа-Cola" ва бошқа кўплаб корпорациялар раҳбарлари иштирок этди.
Саида Мирзиёева эса АҚШ Давлат департаментининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича бюроси раҳбари вазифасини бажарувчи – АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасини вақтинча бажарувчи Эрик Мейер билан учрашди.