Ер – болалар учун расво сайёра
Таҳлил
−
09 Июнь 4448 6 дақиқа
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 4 июнь кунини “Тажовуз қурбони бўлган бегуноҳ болалар куни” деб эълон қилди. Бу сана 1982 йилда Фаластин ва Ливанда Исроил ҳужумидан жабрланган болаларни ёдга олиш учун белгиланган. Шу ўринда дунёдаги болаларнинг аксарияти учун сўнгги йиллар қандай ўтаётганига тўхталиш ўринли. Масалан, ўтган 2024 йилда Ер сайёраси болаларнинг каттагина қисми учун жаҳаннамга айлангани рост. Буни UNICEF тақдим қилган маълумотлар тасдиқлайди. 2.5 миллиард болани ўз бағрига сиғдирган сайёрада уларнинг ҳуқуқлари расво аҳволда. Ғазо ва Украинада босқин ва қирғинлар давом этар, глобал миқёсда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам болаларга нисбатан зўравонлик, мажбурий меҳнат ҳолатлари кўп учрар экан, 2025 йилда мазкур ҳолат ўзгаришига ишонч жуда паст. UNICEF’нинг 2024 йил декабрь ойида чоп этилган ҳисоботига кўра, ҳозирги кунда уруш ҳудудларининг сони Иккинчи жаҳон урушидан бери энг юқори даражага етган. Тахминан 473 миллион бола, яъни дунё бўйича ҳар беш боланинг бири зўравонлик ҳукм сураётган ҳудудларда яшамоқда. UNICEF 2024 йилни “болалар учун энг оғир йиллардан бири” деб атаган. Humanium ташкилоти ҳисоботида Ғазо сектори “ер юзидаги энг хавфли жой” деб аталган. 2024 йил давомида у ерда 11 минг 300 дан ортиқ бола ҳалок бўлган, улардан 30 фоизи 5 ёшга тўлмаган болалар бўлиб, 710 нафар чақалоқ ҳали бир ёшга ҳам етмаганди. Эслатиб ўтамиз, бу фақат 2024 йил бўйича холос. Исроилнинг Ғазо секторидаги геноциди бошланган илк кунлардан то ҳозиргача 17 минг бола ҳалок бўлди, 26 мингдан ортиқ болакайлар майиб-мажруҳ қилинди. Бу рақамлар Исроилнинг қонга ботган қирғин машинаси тўхтамаётган бир пайтда ҳар соат янгиланмоқда. Humanium ва Save the Children ташкилотлари Исроилнинг Ғазога қарши ҳужумлари, блокада, очлик ва дори-дармон танқислиги болаларнинг нафақат ҳаётига, балки руҳий ҳолатига ҳам катта зарар етказаётганини таъкидлаган. UNICEF вакили Жеймс Элдер Ғазони “миллионлаб болалар учун ер юзидаги жаҳаннам” деб атаган.
БМТнинг Фаластинлик қочқинларга ёрдам агентлиги (UNRWА) фаолиятининг қисқариши Ғазодаги гуманитар инқирозни кучайтирган. Ҳа, айтганча, бу агентликнинг ўзи ҳам ўтган давр мобайнида Нетаньяху режими томонидан бир неча бор нишонга айланди. Исроилнинг Ливанга уюштирган ҳужумлари ҳам болалар хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатган. 2024 йил декабрь ҳолатига кўра, Ливанда 231 бола ҳалок бўлган, 1300 дан ортиғи жароҳат олган. Суданда эса 2023 йил апрелидан бери давом этаётган фуқаролар уруши юзлаб болаларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда. UNICEF маълумотига кўра, уруш бошида камида 190 бола вафот этган. Африкадаги Саҳел минтақасида болалар зўравонлик, очлик ва таълимдан маҳрумликдан азият чекмоқда. Бу минтақада Сенегал, Нигер, Чад, Судан ва Эритрея каби давлатлар жойлашган. Буркина-Фасода эса 7 800 дан ортиқ мактаб ёпилган, 1,4 миллион бола таълим олиш имконидан маҳрум бўлган. Яманда 600 мингдан ортиқ 5 ёшгача бўлган болалар оғир даражадаги озиқланиш танқислигидан азият чекмоқда. Етмаганига Трамп маъмурияти Яманга ҳусийларни тийиш мақсадида бир неча бор зарба йўллади. Бундан худди Исроилнинг Ғазога ҳужуми давомида асосий нишон бўлган ҲАМАСдан кўра оддий аҳоли минг чандон жабр кўрганидек, яманлик тинч аҳоли катта зарар кўрди. Болалар масаласининг жиддий таназзулга юз тутиши эса фақат Африка давлатлари ва Яқин Шарқ минтақаси билан чекланиб қолмайди. Хусусан, Гаитида ҳам 2024 йил давомида болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ҳоллари кўпайгани қайд этилган.
Таълим ва соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларни-ку гапирмаса ҳам бўлади. Ҳозирги вақтда 52 миллиондан ортиқ бола таълим олиш имконидан маҳрум. Соғлиқни сақлаш тизими ҳам жиддий зарар кўрмоқда – дунё бўйича эмланмаган болаларнинг 40 фоизи уруш бўлаётган мамлакатларда яшайди. Бу уларнинг қизамиқ ва полиомиелит каби касалликларга учраш хавфини кескин оширади. Бутун 2024 йил давомида Ғазо секторидаги юз минглаб болалар айнан шу хавф қаршисида қолганди. Ўшанда халқаро босимлар натижаси ўлароқ фаластинлик болаларга бир қадар кўрсатилди, улар эмланди.
Яна бир ачинарли статистика шуки, дунё бўйича ҳар ўнинчи, яъни 160 миллион нафар бола мажбурий меҳнатга жалб этилган ва улардан деярли ярми қуролли можаролардан зарар кўрган мамлакатларда яшайди. Ҳа, айтганча, зўравонлик, жисмоний тазйиқ ва мажбурий меҳнатга жалб қилиш, умуман олганда болалар ҳуқуқи билан боғлиқ масалаларда Ўзбекистонда ҳам ишлар пачава. Болалар учун жаҳаннамга айланган ўша 2024 йилдаги даҳшатли рақамларда тинч бўлишига қарамай, Ўзбекистондаги аҳвол ҳам ачинарли. Расмий Тошкент халқаро майдонда бу масалада умуман мақтана олмайди. Хусусан, 2024 йилда 412 нафар бола жинсий зўравонликдан жабрланган, 1 028 нафар бола жисмоний зўравонликка учраган, 929 нафар бола психологик босимни бошидан кечирган, 14 нафар бола эксплуатация қурбони бўлган.
Аммо бундан-да ёмони, мазкур рақамлар Ўзбекистондаги болалар ҳуқуқи билан боғлиқ реал ҳолатни акс эттира олмаслигидадир. Бу рақамлар жамоат жойларида тиланчилик учун мажбурланаётган 5, 6 ва ҳоказо ёшдаги болакайларни ўз ичига тўлиқ қамраб олмаслиги аниқ. Метрополитендан тортиб, одамлар гавжум жойларда садақа йиғишга сафарбар қилинган болаларнинг бугунги сони ишонаверинг даҳшатли. Ўзбекистон қонунчилигида болаларнинг тиланчилик қилиши тугул умуман жамоат жойларда шу каби ишлар билан шуғулланиш ман қилинишига қарамай, нега ҳалигача бу ҳолат бартараф этилмагани кишини таажжубга солади. Метрода хавфсизликни таъминлашга жавобгар бўлган шахслар фақатгина йўловчиларнинг сумкасини текшириш учунгина тургандек таассурот уйғотган. Улар тиланчилик тақиқланган мамлакатда хизмат вазифасини бажара туриб, тиланчиликка мажбурланаётган болаларни метрополитеннинг платформа қисмига қандай ўтказиб юборишлари эса бизга ҳалигача қоронғи.
Шу ўринда мазкур масала юзасидан қонунчиликда белгиланган нормаларга тўхталиб ўтиш жоиз. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 188-3 – моддасига кўра, жамоат транспортининг барча турларида ва бошқа жамоат жойларида пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа моддий қимматликлар беришни фаол тарзда сўраб, тиланчилик билан шуғулланиш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Шу модданинг иккинчи қисмида вояга етмаганларни тиланчилик қилишга жалб этиш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Энг қизиғи бу ҳолат, яъни вояга етмаганларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин яна такрор содир этилса, бу жиноят ҳисобланади. Жиноят кодексига 2019 йил киритилган тиланчилик тўғрисидаги янги модданинг жазо қисмида бу ҳаракат энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари жамоат жойларда шу каби ҳолатларни олдини олиш учун бола билан тиланчилик қилаётганларга нисбатан чора кўргани ҳақидаги хабарларга онда-сонда кўзингиз тушиб қолиши табиий. Бу муаммога қарши умуман курашилмаяпти деб бўлмайди. Аммо етарлича курашилмаяпти, болалар ҳуқуқи поймол бўлаётган ҳолатлар кўпайиб бормоқда десак хато бўлмайди. Соғ бўлинг, саломат бўлинг. Дунёдаги энг қимматли бойлик бўлган болаларни асранг.
Live
Барчаси