Энди ходимларини иссиқдан ҳимояламаган компаниялар жазоланади. Японияда! 

Олам

image

Жорий йилнинг 1 июнидан Японияда кучга кирган янги қоидалар корхоналардан ишчиларни ҳаддан ташқари иссиқликдан ҳимоя қилиш чораларини кўришни талаб қилади. Бу ҳақда NHK World Japan хабар берди.

Маълум қилинишича, 2024 йилги жазирама ёз ишчиларга салбий таъсир кўрсатганидан сўнг, Япония ҳукумати меҳнат хавфсизлиги бўйича қонунчиликни кучайтирган. Японияда 1 июндан кучга кирган янги қоидалар корхоналардан ишчиларни ҳаддан ташқари иссиқликдан ҳимоя қилиш чораларини кўришни талаб қилади. Ушбу талабга амал қилмаган корхоналар 500 минг иена (тахминан 45 млн сўм) жарима тўлашлари мумкин.

Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, ўтган йили юқори ҳарорат билан боғлиқ ҳолатлар туфайли 30 киши вафот этган, тахминан 1200 киши жароҳат олган. Жабрланганларнинг аксарияти қурилиш ва ишлаб чиқариш соҳаларида ишлаган. 

Ҳукумат бу чораларни ўтган йил ёзида қайд этилган рекорд даражадаги июль ҳароратидан кейин татбиқ этишга қарор қилган. Бу янги қонун ўзига хос жиҳатдан глобал миқёсда иш жойида иссиқлик хавфсизлигини қонуний тартибга солаётган кам сонли миллий сиёсатлардан бири ҳисобланади.

Маълумот учун, иссиқ уриши инсон тана ҳароратининг хавфли даражада кўтарилиши оқибатида юзага келадиган, тезда даволанмаса, ҳаёт учун хавфли бўлган ҳолатдир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг ўтган йилги ҳисоботига кўра, 2000-2019 йиллар оралиғида ҳар йили деярли ярим миллион одам иссиқлик билан боғлиқ сабаблардан вафот этган. 

Юқори ҳароратлар нафақат соғлиқ учун хавф туғдиради, балки ишчиларнинг унумдорлигига салбий таъсир кўрсатади. Мутахассислар иссиқ тўлқинлар иқтисодиётларга тобора ортиб бораётган зарар етказаётганидан хавотир билдиришмоқда. Жаҳон Метеорология Ташкилотига кўра, 2024 йилда глобал ўртача ҳарорат илк бор саноатдан олдинги даврга нисбатан 1,5°C даражадан ошган ва келгуси 5 йилликда янги рекордлар қайд этилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг ёз ойларида Япония пойтахти Токио шаҳри аҳолисига сув учун олинадиган асосий коммунал тўловлар бекор қилингани маълум қилинганди. Бунинг учун маҳаллий ҳокимлик томонидан 36 миллиард иена (тахминан 250 миллион доллар) ажратилган ва бу 4 ой давомида амал қилади.

Жалолиддин Раҳмонов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Япония Ҳукумат Токио

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг