Музокаралар арафасида Россия Туркиядаги элчисини алмаштирмоқчи

Олам

image

Россиянинг Туркиядаги дипломатик миссиясига янги раҳбар этиб Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Вершинин тайинланади. Бу ҳақда ўзининг учта манбасига таяниб, “Коммерсантъ” хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, Сергей Вершинин Россия Федерациясининг Туркиядаги дипломатик ваколатхонасининг янги раҳбари бўлади. 2018 йил март ойидан бошлаб у мамлакат Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари лавозимини эгаллаб келмоқда. Унгача у Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка департаменти директори бўлган. Шу билан бирга, 2011 йилдан бошлаб Ташқи ишлар вазирининг Яқин Шарқ можаросини тартибга солиш бўйича махсус вакили лавозимини ҳам эгаллаган. Бу лавозимда у Россияни “Яқин Шарқ тўртлиги” (Россия, АҚШ, Европа Иттифоқи ва БМТ) музокараларида қатнашган.

2013 йилдан буён у Сурия можаросини ҳал этиш масаласида фаол иштирок этиб келмоқда ва турли халқаро форматлардаги музокараларда қатнашган. 2017 йил январь ойидан эса Остона форматидаги музокараларда Россия делегациясига раҳбарлик қилган. Шунингдек, у Женева ва Вена шаҳарларида бўлиб ўтган Сурия мухолифати вакиллари билан учрашувларда қатнашган.

Маълумот учун, Россиянинг Туркиядаги амалдаги элчиси – Алексей Ерхов ҳисобланади. У 2017 йил 19 июндан бери ушбу лавозимда фаолият юритиб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 2 июнь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Россия ва Украина ўртасидаги музокараларнинг иккинчи босқичи бўлиб ўтиши ҳақида хабар берилганди. Томонлардан Россия делегацияси кеча, 1 июнь куни, Украина делегацияси эса бугун, 2 июнь куни музокаралар олиб бориш учун Истанбулга етиб борган. Учрашув куннинг иккинчи ярмига белгиланган. Ушбу учрашувларнинг биринчи босқичи 16 май куни бўлиб ўтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Сергей Вершинин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг