Хитой АҚШни савдо келишувини бузишда айблади
Олам
−
02 Июнь 2139 2 дақиқа
Хитой вакиллари АҚШни Женевада аввал эришилган савдо келишувларини бузганликда айблаб, жавоб чоралари билан таҳдид қилди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Агентлик маълумотларига кўра, Пекин АҚШ Президенти Дональд Трампнинг сўнгги айбловларига шундай жавоб қайтарган. Хитойнинг қайд этишича, айнан АҚШ аввал тузилган савдо битими шартларини бузган.
Хитой Савдо вазирлиги, хусусан, Қўшма Штатлар томонидан жорий этилган янги чекловлар, жумладан, технология экспортини тақиқлаш, талабалар учун виза режимини кучайтириш ва сунъий интеллект чипларига чекловларни қоралади.
“Агар АҚШ ўз-ўзидан туриб Хитой манфаатларига зарар етказишни давом эттирса, Хитой ўз қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун қатъий ва қаттиқ чоралар кўришда давом этади”, дейилади вазирлик баёнотида.
“Bloomberg”, шунингдек, ушбу можаро фонида Осиё бозорларидаги котировкалар ва Америка фонд индексларидаги фючерслар пасайганини ёзади.
Маълумот учун, март ойида Трамп АҚШга импорт қилинадиган барча пўлат ва алюминийга 25 фоизлик бож жорий қилган эди. Аммо 28 май куни АҚШ Халқаро савдо бўйича федерал суди Трамп томонидан жорий этилган бир қатор божларни ноқонуний деб топиб, уларнинг амал қилишини тўхтатди. Бу қарор Хитойдан келтириладиган маҳсулотларга 30 фоизлик, Мексика ва Канададан баъзи товарларга 25 фоизлик, бошқа кўплаб импорт маҳсулотларига эса 10 фоизлик божларни бекор қилди. Бироқ автомобиллар, эҳтиёт қисмлар, пўлат ва алюминийга нисбатан амал қилаётган 25 фоизлик божлар бу қарорга киритилмаган. Орадан бир кун ўтиб, АҚШ Федерал апелляция суди ушбу божларнинг амал қилишини яна вақтинча тиклади.
Live
Барчаси