Ўзбекистон Британия билан ЖСТ бўйича музокараларини якунлади
Жамият
−
31 Май 4941 2 дақиқа
Ўзбекистон Буюк Британия билан Жаҳон савдо ташкилотига кириш бўйича икки томонлама музокараларни расман якунлади. Бу ҳақда Президентнинг Жаҳон савдо ташкилоти масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Ўрунов ўзининг LinkedIn’даги саҳифасида маълум қилди.
“Ўтган ой охирида биз Буюк Британия жамоаси билан икки томонлама музокаралар олиб бориш учун Лондонда бўлдик. Ҳозир мен уларнинг тугалланганлиги ҳақида эълон қилмоқчиман”, деб ёзди у.
Азизбек Ўруновнинг қайд этишича, келишув Лондонда бўлиб ўтган учрашув натижаси бўлиб, ички тасдиқлаш тартиб-қоидаларидан ўтган. Уни имзолаш 12 июнь куни Женевада Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳнинг 10-йиғилиши доирасида ўтказилиши режалаштирилган.

Шунинг билан, Буюк Британия Тошкент ЖСТга киришга тайёргарлик жараёнида келишувга эришган 24-савдо ҳамкорига айланди.
“Фурсатдан фойдаланиб, Буюк Британия томонига аъзо бўлишимизни кучли қўллаб-қувватлагани учун ҳамда Ўзбекистон музокаралар гуруҳига тинимсиз меҳнати учун ўз миннатдорлигимни билдирмоқчиман. Икки томонлама битимларни якунлаш учун яна бир нечта ЖСТ аъзолари қолди”, дейди Ўрунов.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича Покистон ва Таиланд билан икки томонлама музокараларни якунлаганди. 19 декабрь куни Ўзбекистон ва АҚШ Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш жараёни доирасида икки томонлама бозорларга кириш бўйича музокараларни якунлаш протоколини имзолади. Ҳужжатни Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ва АҚШ савдо вакили Кэтрин Тай имзолаган.
Live
Барчаси