Қозоғистонда “заправка” портлаб кетди. Қурбонлар бор (видео)
Олам
−
31 Май 8237 2 дақиқа
Кеча, 30 май куни Қозоғистоннинг Атиров вилоятидаги Қулсари шаҳрида автоёнилғи қуйиш шохобчасида портлаш юз берди. Ҳодиса оқибатида икки киши ҳалок бўлди, 14 киши турли даражада тан жароҳати олди. Бу ҳақда “Nur.kz” хабар берди.
Атиров вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотларига кўра, портлаш оқибатида ён-атрофдаги хонадонлар ҳам ёнган. Ёнғин соат 20:15 да қуршаб олиниб, 21:47 да тўлиқ бартараф этилган.
Вилоят ҳокими Серик Шапкенов воқеа юзасидан фавқулодда штаб йиғилишини ўтказган. У Фавқулодда вазиятлар департаментига барча кучларни сафарбар этиб, ёнғинни бартараф этиш, оқибатларини камайтириш ва аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича топшириқлар берган.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси хабарига кўра, жароҳат олган 14 кишидан 10 нафари шифохонага ётқизилган, қолган 4 нафари амбулатор кузатувда. Уларнинг умумий аҳволи барқарор, реанимацияда бўлган оғир беморлар йўқ.
Атиров вилояти полиция департаментининг маълум қилишича, ҳодиса юзасидан туман полиция бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида жойлашган АЁҚШлардан бирида ЗИЛ ёниб кетиши оқибатида 3 киши ҳалок бўлганди, яна бир киши шифохонага жойлаштирилганди.
Live
Барчаси