Фарғонада танишини атайлаб машинада босиб ўлдирган шахс қамалди

3-саҳифа

image

Фарғона вилоятида машинада қасддан одам босиб кетиб, унинг ўлимига сабабчи бўлган фуқаро 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда “Замон” дастурида хабар берилди.

Маълум қилинишича, аввал ҳам икки марта судланган фуқаро ўзига тегишли бўлмаган Onix автомашинасида Қўқон шаҳар Амир Темур кўчасида жойлашган маҳалладошининг савдо дўкони ёнига келган ва сигнал чалган.

Унинг дўкон эгасининг бироз вақт ўтиб чиққанидан асабийлашган ва икки фуқаро оғзаки тортишган. Дўкон эгаси дўконга қайтиб кирганидан сўнг жиноятчи унинг ортидан бориб, бўғишга тушган. Дўкондаги ёқалашишдан кейин, дўкончига енгил тан жароҳати етказган судланувчи 2 дона ичимлик сувини ўғирлаб, автомашинада кетиб қолган.

Шундан сўнг дўкончи акаларига қўнғироқ қилган ва улар манзилга етиб келган.

Орадан 30 дақиқа ўтгач, жиноятчи қайтиб келиб, ҳаракатларини давом эттирган. Транспорт воситаси орқасида турган дўкончининг акасига қасддан тан жароҳати етказиш мақсадида катта тезлик билан орқага ҳаракатланиб, фуқарони машинасида босиб ўтган ва транспорт воситаси остида жабрланувчи қолиб кетганини билса-да, яна машинани олд томонга ҳаракатлантириб, ғилдираклари билан фуқарони яна босиб ўтиб кетган. Шундан кейин у воқеа жойидан қочиб, яширинган.

Оғир тан жароҳатлари олган жабрланувчи орадан 10 кун ўтиб, шифохонада вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан юритилган жиноят иши Бешариқ тумани судида кўриб чиқилиб, судланувчи Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 1-қисми, 166-моддаси (Талончилик) 1-қисми, 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми “д” банди  билан айбли деб топилган. Шу тариқа унга узил-кесил 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташи белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида BYD русумли автомобиль мактаб ўқувчисини уриб юборган ва ҳодиса оқибатида 9 ёшли қизча вафот этганди. Ушбу бахтсиз ҳодисани содир этган ҳайдовчи эса 4 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Жалолиддин Раҳмонов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг