Трамп Канадага бир шарт билан “Олтин гумбаз” ҳимоясини таклиф қилди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Канада бўлажак Америка ҳаво мудофаа тизими “Олтин гумбаз”га қўшилишни истаса, 61 миллиард доллар тўлаши кераклигини айтди. Шу билан бирга, Канада АҚШга 51-штат сифатида қўшилишни истаса, худди шу хизмат “нол доллар”га тушади. Бу ҳақда Трамп кеча, 27 май куни Truth Social ижтимоий тармоғида ёзди.

“Мен бизнинг ажойиб “Олтин гумбаз” тизимимизнинг бир қисми бўлишни жуда хоҳлаётган Канадага, агар улар алоҳида, аммо тенг бўлмаган давлат бўлиб қолса, бу 61 миллиард долларга тушишини айтдим, аммо улар бизнинг 51-штатимиз бўлишса, бу нол долларга тушади. Улар буни кўриб чиқмоқдалар!” дейди Трамп.

Канаданинг CBC медиа компанияси хабар беришича, Трампнинг баёноти Канадада расмий давлат раҳбари бўлган Буюк Британия қироли Чарльз III мамлакат парламентида чиқиш қилган куннинг ўзидаёқ эълон қилинган. Қирол Канада ҳукумати номидан “канадаликлар ва уларнинг суверен ҳуқуқларини ҳимоя қилишга” ваъда берган.

Чарльз III мамлакатга Канада Бош вазири Марк Карни таклифига биноан борган. BBC медиакомпанияси эслатганидек, Британия монархи охирги марта Канада парламентида 48 йил аввал сўзлаган: “Бу Чарльзнинг онаси, қиролича Елизавета II эди”.

Чарльз III нинг нутқидан сўнг, Карни CBC телеканалига 1 июлгача Канада Европани қайта қуроллантириш дастурига қўшила олишига умид қилишини айтди. Бу қадам Канаданинг Қўшма Штатлардан қурол ва ўқ-дорилар етказиб беришга қарамлигини камайтириши керак, дея таъкидлайди нашр.

Маълумот учун, “Олтин гумбаз” ҳаво мудофаа тизимини яратиш Дональд Трампнинг сайловолди ташвиқоти вақтида гапирган кенг кўламли лойиҳасидир. Тахминларга кўра, ушбу мудофаа тизими АҚШни ракета ҳужумларидан, жумладан, коинотдан қилинадиган ҳужумлардан ҳимоя қилади. Лойиҳа камида 175 миллиард долларга баҳоланмоқда ва Трамп режасига кўра, 2029 йилнинг январигача, яъни унинг президентлик муддати тугагунча якунланиши керак. 

2022 йилда Европа ҳам кўп даражали ҳаво ва ракетага қарши мудофаа тизимини яратиш бўйича European Sky Shield Initiative (ESSI)ташаббусини бошлаган. Унинг мақсади – барча ҳаво таҳдидларини қайтариш учун қисқа, ўрта ва узоқ масофали ракета тизимларини келишилган ҳолда сотиб олиш. Ҳозирда лойиҳада 23 давлат иштирок этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Оқ уйда журналистларга берган баёнотида “Олтин гумбаз” янги ракетага қарши мудофаа тизими ҳақида гапирганди. У ушбу тизим мамлакат хавфсизлиги ва ҳатто омон қолиши учун муҳим эканини ҳамда лойиҳа учун тахминан 175 миллиард доллар ажратилиши режалаштирилаётганини маълум қилган эди.

Кейинроқ Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мао Нин “Олтин гумбаз” лойиҳаси коинотни ҳарбийлаштириш ва қуролланиш пойгасининг кучайиш хавфини оширишини айтиб, баёнот билан чиқди. Унинг сўзларига кўра, “Олтин гумбаз” – бу глобал, кўп босқичли ва чекловларсиз ракетага қарши мудофаа тизими бўлиб, АҚШнинг космосда зарба бериш имкониятларини кенгайтиришини назарда тутади.

Корея Халқ Демократик Республикаси (КХДР) АҚШнинг янги “Олтин гумбаз” номли ракетага қарши мудофаа тизими нафақат мудофаа, балки ҳужум мақсадларини кўзлаётганини билдириб, уни глобал хавфсизлик учун жиддий таҳдид деб атади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Канада Олтин гумбаз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг