Россия урушда 1 млн ҳарбийсидан айрилган – Украина

Олам

image

Россия Украинага қарши олиб бораётган кенг кўламли уруш давомида деярли 1 миллион аскаридан айрилган. Бу ҳақда кеча, 26 май куни Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълум қилди.

Хабарда келтирилишича, йўқотилган 1 миллион ҳарбийдан ташқари сўнгги бир сутка ичида Россия қўшинлари яна мингга яқин аскардан айрилган. Киев бу рақамлар фақат ўлдирилганларми ёки ярадорларни ҳам ўз ичига олиши мумкинлиги бўйича аниқлик киритмаган. Бироқ таҳлилчиларнинг фикрича, бу умумий йўқотишлар, яъни ҳалок бўлганлар, яраланганлар, бедарак йўқолганлар ва асирга тушганларни ўз ичига олади.
 
Украина ҳарбийларига кўра, Россия ёз ойларига режалаштирилаётган янги ҳужумга тайёргарлик кўрмоқда. Украина расмийлари Россиянинг ҳарбий кучлари ва техник йўқотишларини 2022 йил 24 февралда бошланган тўлиқ ҳажмдаги урушдан буён ҳар куни кузатиб бормоқда. Украина ҳам, Россия ҳам ўз йўқотишларини расмий равишда очиқламайди.

2025 йил февраль ойида Украина Президенти Владимир Зеленский уруш бошланганидан бери 46 мингдан ортиқ украиналик аскар жанг майдонида ҳалок бўлганини билдирган. Унинг айтишича, тахминан 380 минг аскар яраланган, яна 10 минглаб кишилар бедарак йўқолган ёки Россия асирлигида қолмоқда.

“Ҳар куни мингга яқин аскар йўқотилаётганини инобатга олган ҳолда, Россия ўз армиясини тўлдириш учун хорижликларни ёллашга уринмоқда”, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, 2024 йил охиридан бошлаб 12 минггача шимолий кореялик аскар Россия армиясига қўшилган ва буни Пхеньян расмий равишда тасдиқлаган. Аввал бу маълумотни Ғарб манбалари ва Киев хабар қилган эди.

2025 йил апрель ойида Украина ҳарбийлари Россия тарафида жанг қилаётган хитойлик фуқароларни асирга олганини маълум қилганди. Украина ҳарбий разведкасининг маълумотларига кўра, Россия армиясида камида 160 нафар Хитой фуқароси хизмат қилмоқда.

Пекин бу даъволарни инкор этиб, Хитойдан расмий аскарлар юборилмаганини, бу шахслар кўнгилли сифатида ўз хоҳишлари билан бораётганини таъкидлаган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 600 га яқин шимолий кореялик Россиянинг Украинага қарши урушида, хусусан, Россия Федерациясининг Курск вилоятидаги ҳарбий амалиётларда иштирок этиш чоғида ҳалок бўлгани хабар қилинганди.

Жалолиддин Раҳмонов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Россия Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг