Заргарларнинг хомашё билан боғлиқ бирорта муаммоси бўлмаслиги керак – Президент
Жамият
−
26 Май 2604 3 дақиқа
Президент Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга жорий йилнинг ўзида хомашё, лаборатория, ўқув маркази, шоу-рум ва дўконлари бир жойда бўлган яна 6 та марказни ишга тушириш, хорижий дизайнер ва технологларни жалб қилиб, заргарларни ўқитишни топширди. Бу ҳақда бугун, 26 май куни маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
“Ҳамма эшитиб олсин. Заргарларнинг хомашё билан боғлиқ бирорта муаммоси бўлмаслиги керак”, деди Президент.
Шу мақсадда бу йил биржага чиқариладиган олтин ҳажми 6 тоннадан 8 тоннага оширилади.
Хорижий тажриба асосида Яккасарой тумани, Андижон ва Хивада ишлаб чиқарувчиларга ҳам, инвесторларга ҳам жозибадор заргарлик марказлари очилди. Бундай марказлар бутун республика бўйича барпо қилиниши белгиланди.
Янги заргарлик марказлари ишга тушган Тошкент шаҳри, Андижон ва Хоразмда, бу йил бундай марказлар очилиши режа қилинган Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида ҳамда қолган ҳудудларда эҳтиёждан келиб чиқиб олтин захираси яратилади.
“Очиқ айтиш керак, тартиб-интизом, шаффоф тизим бўлмаган соҳада “катта сакраш” қилиб бўлмайди. Шунча шароитдан кейин ҳам “соя”да ишлаётганларга нисбатан қонун устуворлиги таъминланади”, деди Президент.
Асиллик инспекцияси Солиқ қўмитаси ва Бош прокуратура билан биргаликда заргарлик соҳасида қатъий назорат ўрнатиши шартлиги кўрсатиб ўтилди. Тадбиркорлар заргарлик буюмини Асиллик инспекциясидан тамғалатиб, кирим қилишига бир ой вақт берилиши белгиланди. Умуман, мутасаддиларга соҳани чуқур таҳлил қилиб, “хомашё – ишлаб чиқариш – савдо” занжиридаги барча иштирокчиларни “соя”дан чиқиб ишлашини рағбатлантирадиган тизим ишлаб чиқиш топширилди.
Маълум бўлишича, 2024 йилда заргарликда ишлаб чиқариш 200 миллион доллардан ошди, экспорт 17 фоизга ўсиб, 92 миллион долларга етган. Шу билан бирга, мамлакатда йилига 100 тоннадан зиёд олтин қазиб олинаётгани билан имкониятларнинг ўндан бири ҳам ишга солинмаётгани қайд этилди.
Соҳада “хуфиёна” иқтисодиёт улуши юқори экани кўрсатиб ўтилди. Йилига 550-600 миллион долларлик буюмлар норасмий тилла бозорларида айланмоқда. Ёки, мустақил изловчилар 2020 йилда 40 килограмм олтин топширган бўлса, ўтган йили бу 100 карра камайган.
Йиғилишда соҳани “соя”дан чиқариш учун якка тадбиркорларга ҳам тилла буюмлари билан савдо қилишга рухсат бериш, заргарликда миллий бренд яратиш учун хориждан дизайнер, технолог, қимматбаҳо тошлар билан ишлайдиган геммологларни олиб келиш харажатининг бир қисмини қоплаш бўйича таклифлар билдирилди. Давлат раҳбари ушбу таклифларни маъқуллади.
Шунингдек, эндиликда заргарлар ҳам якка тадбиркор сифатида тилла буюмлари савдоси билан шуғулланиши мумкин бўлади. Мутасаддиларга жойлардаги норасмий заргарлик расталарини замонавий кўринишга келтириб, уларнинг фаолиятини қонунийлаштириш топширилди.
Четдан мутахассис олиб келиш харажатининг 2,5 минг долларгача қисми камида 5 нафар шогирд чиқариш шарти билан қоплаб берилади. Умуман, заргарликда ҳам саноат усулига ўтиб, ички бозорни ҳимоя қилиш ва миллий брендларни қўллаб-қувватлаш вақти келгани қайд этилди. Бунинг учун заргарлик саноатида ишлатиладиган ускуналар ва уларни бутловчи қисмлари импорт божидан озод қилинади.
Навоий ва Олмалиқ комбинатларидан олтинни бўлиб тўлаш асосида сотиб олиш тартиби яна 3 йилга узайтирилади. Нуфузли брендлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, уларнинг дизайни ва қолипини олиб келиш харажатининг 30 минг долларгача қисми қоплаб берилади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур видеоселектор йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев мебель таннархини пасайтириш учун фурнитура, аксессуар, бўёқ, клей, ДСП каби хомашёга божни камайтиришга рози бўлганди. Мутасаддиларга 14 турдаги хомашё, фурнитура, аксессуар учун 3 йил муддатга импорт божини 1 фоиз этиб белгилаш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.
Live
Барчаси