Мирзиёев мебель хомашёси учун божни камайтиришга рози бўлди
Жамият
−
26 Май 3351 2 дақиқа
Президент Шавкат Мирзиёев мебель таннархини пасайтириш учун фурнитура, аксессуар, бўёқ, клей, ДСП каби хомашёга божни камайтиришга рози бўлди. Бу ҳақда бугун, 26 май куни Президент раислигида ўтаётган маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Билдирилишича, мебель таннархида импорт хомашё улуши 50-60 фоизни ташкил қилмоқда. Ишлаб чиқарувчилар таннархни пасайтириш учун фурнитура, аксессуар, бўёқ, клей, ДСП каби хомашёга божни камайтиришни сўраган.
“Миллий маҳсулотларимиз рақобатбардош бўлиши учун бунга розилик бераман”, деди Президент.
Мутасаддиларга 14 турдаги хомашё, фурнитура, аксессуар учун 3 йил муддатга импорт божини 1 фоиз этиб белгилаш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди. Шунингдек, мебель учун ёғоч ва ёғоч материалларини марказлашган ҳолда олиб келиш йўлга қўйилади.
Қайд этилишича, ўтган йилнинг ўзида мебелсозлик йўналишида 920 та янги корхона иш бошлаган. Соҳада 6 триллион 700 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган.
Мебель маҳсулотларининг 25-30 фоизи хонадонларда тайёрланяпти. Уйдаги ишлаб чиқаришдан саноат босқичига ўтишга интилаётган мебелсозлар кўп. Шу боис, якка тартибдаги тадбиркорларга 5 нафаргача ишчи олиб, мебель ишлаб чиқаришга рухсат берилади. Ушбу фаолиятни бошлаш, кенгайиш истагида юрган ёш тадбиркорларга 7 йилга 5 миллиард сўмгача 18 фоизли кредит ажратилади.
Олтинкўл ва Хонқадаги “Мебелчилик маркази”да 100 дан зиёд корхона замонавий ускуналар ўрнатиб, мебель ишлаб чиқармоқда. Олдин уйидаги тор жойда мебель ясаган тадбиркорлар ҳозир яхлит комплексга жойлашиб, кластер тизимида ишлаяпти. Шароф Рашидов, Янги Наманган, Пастдарғом, Ўртачирчиқ, Қува, Бувайда, Юнусобод ва Учтепада ҳам Хонқа тажрибаси асосида мебелчилик марказларини ишга тушириш топширилди.
Ўтган йили мебель экспорти 20 миллион долларга етган. Сифат, дизайн ва брендга эътибор қаратилса, мавжуд қувватларнинг ўзида экспорт ҳозиргидан 10 карра ошиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. Шу боис мебелчиларга халқаро сертификат олиш харажати ҳамда хориждан жалб қилинган дизайнер, маркетолог, инженер-технологлар иш ҳақининг ярми қоплаб берилади.
Халқаро кўргазмаларда ижара пули компенсация қилинадиган майдон ҳозирги 20 квадратдан 40 квадрат метрга оширилади. Мутасаддиларга малакали мутахассисларни жалб қилиб, йилига 1 минг нафар мебель усталарини замонавий кўникмаларга ўқитишни йўлга қўйиш топширилди.
Live
Барчаси