Самарқандда шер боласини ноқонуний боққан фуқаро ушланди

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятида фуқаро ўз машинасида шер боласини олиб юргани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Самарқанд вилоят Экология бошқармаси, вилоят прокуратураси ва Ички ишлар бошқармаси ходимлари ўрганиш олиб борди.

Ушбу ўрганиш натижасида Самарқанд туманида яшовчи фуқаро Африка шери боласини туманнинг Оқбўйро маҳалласи ҳудудидаги дала ҳовлиларнинг бирига яширишга урингани маълум бўлган. Шер боласи дала ҳовлининг сим тўсиғига боғлаб кетилган ҳолда топилган. Унга биринчи ёрдам кўрсатилиб, вақтинча сақлаш учун вилоят кинология марказига олиб келинган ҳамда алоҳида парваришга олиниб, тиббий кўрикдан ўтказилган.

Айни пайтда ушбу қонунбузарлик юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, вилоят прокуратураси томонидан ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилмоқда.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг “Ёввойи ҳайвонларни сақлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 736-сон қарорига асосан, 2025 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар томонидан кўпгина (рўйхат асосида) ёввойи ҳайвонларни тутқунликда сақлаш ҳамда цирк томошаларида ёввойи ҳайвонлардан фойдаланиш тақиқланади. Қарорга биноан, тақиқланган ҳайвонлар фақатгина Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг тегишли рухсатномасига эга юридик шахслар томонидан ҳайвонот боғлари, питомниклар (террариум, океанариум ва бошқалар)да сақланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Тошкент туманида ўз яшаш хонадонида 1 йўлбарс ва 4 дона йўлбарссимон илон боққан шахс ушланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Самарқанд шер боласи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг