Эрдўған президентликка номзодини қўйиш нияти йўқлигини айтди

Олам

image
24 йиллик етакчи Эрдўған 71 га кирди north_east

24 йиллик етакчи Эрдўған 71 га кирди

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған президентликка яна ўз номзодини қўйиш ниятида эмаслигини айтиб, мамлакатга янги конституция зарурлигини қўшимча қилди. Бу ҳақда “Анадолу” хабар берди.

“Мен қайта сайланиш ёки яна президентликка номзодимни қўйиш ниятим йўқ. Биз фақат ўз мамлакатимиз обрўсини оширишни ўйлаймиз. Туркия ўзгармоқда, дунё ўзгармоқда. Биз янги даврда яшаяпмиз. Эски Туркияда давлат тўнтариши пайтида яратилган конституция билан тез ўзгараётган дунёда нимагадир эриша оламиз деб ўйлайсизми? Конституция тўнтаришчилар томонидан эмас, фуқаролар томонидан таклиф қилинган”, деган Эрдўған.

Бир йил аввал Эрдўған амалдаги асосий қонун Туркиянинг ривожланишига тўсқинлик қилаётганини айтган эди. Унинг фикрича, янги конституция тараққиётнинг асосига айланади ва мамлакатни эскирган тузумдан қутқаради. Президент Туркиядаги барча сиёсий кучларни янги ҳужжат устида ишлашда фаол иштирок этишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, аввалроқ киритилган ўзгартиришларга қарамай, 1982 йилги конституция ХХI аср талабларига жавоб бермайди.

Маълумот учун, 20 йилдан ошиқ вақтдан бери мамлакат сиёсатининг энг юқори поғоналарида турган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған жорий йилнинг 26 февраль куни 71 ёшга тўлди. У 2003 йилдан 2014 йилгача бош вазир, 2014 йилдан бошлаб эса Президент сифатида фаолият юритмоқда.

Эрдўған нафақат мамлакат ичкарисида, балки бутун минтақада етакчиликни қўлга олди ва 2017 йилда референдум орқали парламент тизимини бекор қилиб, Туркияни президентлик республикасига айлантирди. Бу эса унинг ваколатларини сезиларли даражада кенгайтирди. Эрдўған бошчилигида Туркия катта ўзгаришларга эришган бўлса-да, унинг сиёсати кўпинча ички мухолифат ва халқаро ҳамжамият томонидан танқид қилинади. Устига устак, охирги йилларда Туркиянинг иқтисодий муаммолари, инфляциянинг ошиши (Жаҳон банки маълумотларига кўра, 50 фоиздан юқори) ва турк лирасининг қадрсизланиши (1 турк лираси 0,027 АҚШ долларига тенг) унинг обрўсига путур етказмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған кеча, 21 май куни Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган Туркий Давлатлар Ташкилоти давлат ва ҳукумат раҳбарларининг норасмий саммитидаги нутқида Шимолий Кипр Турк Республикаси узоқ бўлмаган келажакда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо сифатида қўшилиши ҳақида сўз очганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг