Бишкекда КХШТ давлатларининг парламент раҳбарлари учрашди
Олам
−
19 Май 3223 2 дақиқа
Бугун, 19 май куни Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрдаги “Ала-Арча” давлат қароргоҳида Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Парламент Ассамблеяси Кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда АКИpress хабар берди.
Йиғилишда Қирғизистон, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Беларусь парламентларининг раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишни очиб берган Жогорку Кенеш спикери Нурланбек Турғунбек уулу ушбу тадбир нафақат парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, балки КХШТга аъзо давлатлар ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга ҳам ҳисса қўшишини таъкидлади.
“Бу йил Қирғизистон КХШТга раислик қилмоқда. Раислик доирасида минтақада тинчлик, барқарорлик ва ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор тадбирлар режалаштирилган. Қирғизистон КХШТга жамоавий хавфсизликнинг асосий институти сифатида қарайди ва барча иштирокчи давлатлар билан яқин ҳамкорлик қилишдан манфаатдор”, деди у.
Шунингдек, у тобора кучайиб бораётган замонавий чақириқ ва таҳдидлар шароитида парламентлар томонидан қабул қилинган қарорлар давлатлар барқарорлиги ва бутун минтақа хавфсизлигига бевосита таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.
“Қонунчиликни уйғунлаштириш учун аъзо давлатлар парламентлари ўртасидаги яқин ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, терроризмга қарши кураш, рақамли ва биологик хавфсизлик, трансчегаравий жиноятларга қарши курашиш каби соҳаларда намунавий қонунларни ишлаб чиқишимиз зарур. Бундан ташқари, бошқа халқаро ташкилотлар билан парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиришимиз керак. Бу глобал хавфсизлик масалаларига ягона ёндашувни шакллантиришга ёрдам беради”, дея қўшимча қилди у.
Бундан ташқари, у рақамли хавфсизликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратишга чақирди.
“Кибертаҳдидларга қарши курашиш, стратегик муҳим инфратузилмаларни ҳимоя қилиш, сунъий интеллект соҳасида ҳуқуқий тартибга солиш каби мавзуларнинг долзарблиги тобора ортиб бормоқда. Бу соҳаларда ҳамкорликда иш олиб бориш давр талабидир”, дейди у.
Шунингдек, Жогорку Кенеш спикери Ассамблея доирасида ёшларнинг парламент платформалари ва таълим дастурларини ишлаб чиқишни таклиф қилиб, ёшларни КХШТ фаолиятига жалб этиш зарурлигини таъкидлади.
Россия Федерал Мажлиси Давлат думаси раиси Вячеслав Володин тарихий хотирани асраб-авайлаш бўйича ишларни фаоллаштириш муҳимлиги ҳақида гапириб, КХШТ Парламент ассамблеяси доирасида тарихий ҳақиқатни ҳимоя қилиш ва нацизмга қарши курашга қаратилган 5 та намунавий ҳужжат қабул қилинганини қўшимча қилди.
“Улардан миллий қонунчиликда самарали фойдаланиш мақсадида намунавий ҳужжатлар қабул қилинаётганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман: Шу боис Парламент ассамблеясининг намунавий ҳужжатларини миллий дастурий ҳужжатларга интеграциялашувига кўмаклашиш муҳим аҳамиятга эга”, деди у.
У КХШТга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни, биринчи навбатда, хавфсизликни мустаҳкамлаш йўналишида ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.
Live
БарчасиНавоийда Қорбоболар паради ўтказилди
25 Декабрь
Мария Захарова 50 ёшга тўлди
25 Декабрь