Исроил ҲАМАС етакчиси Муҳаммад Синварни ҳам ўлдирди – ОАВ

Олам

image

Ғазо жанубидаги туннелдан ҲАМАС етакчиси Муҳаммад Синварнинг жасади топилди. Бу ҳақда “Al Arabiya” хабар берди.

Маълум қилинишича, Ғазо секторининг жанубий қисмидаги Хон-Юнус шаҳрида жойлашган туннелдан ҲАМАС ҳаракати етакчиларидан бири Муҳаммад Синварнинг жасади топилган. У Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг авиазарбаси оқибатида бир неча кун олдин ҳалок бўлган.

Муҳаммад Синварнинг жасади Хон-Юнусдаги Европа шифохонаси яқинидаги ҳудудда топилган. У билан бирга унинг 10 нафар ёрдамчисининг жасади ҳам аниқланган.

Исроил армияси 13 май куни мазкур шифохона ҳудудига авиазарба берган эди. Исроил Мудофаа кучлари баёнотида айтилишича, шифохона остида ҲАМАСнинг қўмондонлик пункти жойлашган бўлган.

Ҳозирча Исроил расмийлари Муҳаммад Синварнинг ўлимини расмий тасдиқламаган. Бироқ Исроил Мудофаа вазири Исроил Кац парламентдаги ташқи сиёсат ва мудофаа қўмитасига қилган баёнотида Муҳаммад Синвар катта эҳтимол билан ўлган бўлиши мумкинлигини айтган.

“Ҳали расмий тасдиқ йўқ, аммо барча белгилар шуни кўрсатмоқда – у йўқ қилинган”, деган у.

Маълумот учун, Муҳаммад Синвар – ҲАМАСнинг собиқ сиёсий раҳбари Яҳё Синварнинг укаси эди. Яҳё Синвар 2024 йил октябрь ойида Ғазода ўлдирилган. У аввалроқ, 2024 йил августда ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари этиб тайинланган эди. Ундан олдинги раҳбар – Исмоил Ҳония эса Теҳронда ўлдирилган.

Муҳаммад Синвар ҳам акаси сингари ҲАМАС сафларига ёшлигида қўшилган ва Исроил махсус хизматлари томонидан бир неча маротаба нишонга олинган, аммо аввалги уринишлар самарасиз бўлган эди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойида Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракатининг ҳарбий қаноти – Изз ад-Дин аль-Кассам бригадаси раҳбари Муҳаммад Синвар ҲАМАСнинг Ғазо секторидаги янги етакчисига айланган эди. У акаси вафот этгандан кейин расман раҳбарлик қила бошлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил ҲАМАС Муҳаммад Синвар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг