Энди Тошкентдаги боғчада боланинг устига қайноқ сув тўкилди (видео)
3-саҳифа
−
16 Май 9301 3 дақиқа
QALAMPIR.UZ таҳририятига Тошкент вилояти, Олмалиқ шаҳридаги 6-мактабгача таълим муассасасида 2025 йил 5 март куни соат 12:00 атрофида содир бўлган ҳолат юзасидан мурожаат келиб тушди.
Маълумотларга кўра, боғча ҳудудида бола хавфсизлиги таъминланмагани ва масъуллар бепарволиги оқибатида 3 ёшли боланинг бел қисмига қайноқ сув тўкилган. Боланинг терисида 3-даражали куйиш ҳолати аниқланган.
Боланинг онаси томонидан QALAMPIR.UZ’га билдирилган мурожаатга кўра, ҳозирга қадар боғча маъмурияти ёки шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан ҳеч қандай чора кўрилмаган. Онанинг айтишича, у болалар хавфсизлигини таъминлаш масаласида боғча мудирасига мурожаат қилганида, мудира бу борадаги хавфсизликка эътибор бермай, “ўзим ҳам болалигимда куйганман”, дея жавоб берган.
Шунингдек, онанинг таъкидлашича, боғчада болалар мунтазам равишда мажбурий меҳнатга жалб этилади: уларга ҳожатхона қутиларини тўкиш топширилади, оғир челакни кўтара олмай тўкиб юборсалар, устиларидан кулишади ва болалар ахлатни қўлларида ташишга мажбур бўлади (суратдаги тасвирлар).

“Менинг ўғлим куйганидан сўнг унга невроз ташхиси қўйилди. У кучли стрессга учради, бел қисмида чандиқ излари қолган. Умумий бассейнларга уни киритишмаяпти, бунга доимий тиббий маълумотнома талаб қилинмоқда. Боламни шу ҳолга солган 6-МТТ бўлса, тегишли ташкилотлар қачон чора кўради?” дейди она.
Унинг айтишича, ҳодисага ИИБ томонидан ҳам суст ёндашилган. Бола ўйнаб юрган пайтда куйиб қолган, деб ҳолатга енгил баҳо берилган.
Мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида QALAMPIR.UZ Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили — Болалар омбудсмани билан боғланди.
Вазирлик матбуот котиби Дилфуза Собирова берган расмий маълумотга кўра, 5 март куни соат 12:00 атрофида болалар қаровсиз қолгани сабабли бир нафар боланинг устига қайноқ сув тўкилган. Оқибатда боланинг бел соҳасида 3-даражали куйиш қайд этилган. Бола зудлик билан тез тиббий ёрдамга олиб борилиб, керакли тиббий муолажалар кўрсатилган.
Шифохона ходимлари ҳодисани аниқлаб, 102 рақамига мурожаат қилган. ИИБ томонидан ҳолат ўрганилганида, боланинг онаси ҳеч кимга даъвоси йўқлигини билдирган. Шу сабабли томонлар келишуви асосида иш ёпилган.
Бироқ она муассасада болаларга нисбатан ёмон муносабат ва бошқа салбий ҳолатлар давом этаётганини айтиб, ижтимоий тармоқларда чиқиш қилган.
Расмий муносабатда айтилишича, ҳозирда ушбу нохуш ҳолат Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан назоратга олинган. Ишчи гуруҳ тузилиб, вазият тўлиқ ўрганилган. Барча ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилган. Натижалар ҳақида алоҳида маълумот берилиши билдирилган.
Шунингдек, ҳолат Болалар омбудсмани назоратига ҳам олинган. Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Сурайё Раҳмонова онанинг мурожаатидаги ҳолат айни пайтда масъул ташкилотлар билан биргаликда ўрганилаётганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 апрель куни Қашқадарё вилояти, Ғузор туманидаги 4-мактабгача таълим муассасасида 6 ёшли боланинг устига тарбиячи қайноқ сув тўкиб юборган эди.
Live
БарчасиНавоийда Қорбоболар паради ўтказилди
25 Декабрь
Мария Захарова 50 ёшга тўлди
25 Декабрь