Ливияда қўзғолон бошланди (видео)

Олам

image

Кеча, 12 май куни Ливияда милиция раҳбари Абдул Ғани ал-Кикли ўлдирилиши ортидан Мисрата ва Триполи кучлари ўртасида қуролли тўқнашув бошланди. Бу ҳақда “Al Mayadeen” хабар берди.

Нашрга кўра, кеча, 12 май куни кечқурун Триполининг турли туманларида ҳукумат қуролли кучлари ва исёнчи гуруҳлар ўртасида тўқнашувлар бошланган. Бир неча кун аввал Мисрата, Завия ва Зинтан шаҳарларидан чиққан исёнчилар Ливия Барқарорликни қўллаб-қувватлаш бошқармаси ва Мисрата бирлашган кучлари ўртасидаги можаро кучайганидан сўнг пойтахтга йўл олган. 

Қайд этилишича, Абдул Ғани ал-Кикли президентлик кенгаши ҳузуридаги Ливия барқарорликни қўллаб-қувватлаш бошқармаси (SSA) раҳбари бўлган. Мазкур бошқарма Триполидаги энг қудратли ҳарбий тузилмалардан бири сифатида кўрилади.

Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, ҳарбийлар SSA штаб-квартирасини эгаллаш бўйича буйруқ олган. Шундан сўнг Триполи кўчаларида танклар ва бошқа ҳарбий техникалар пайдо бўлган. Шаҳардаги аэропорт вақтинча фаолиятини тўхтатган. Полиция фуқароларга уйдан чиқмасликни маслаҳат бермоқда. Барча мактаб ва университетлар ҳам вақтинча ёпилган. 

Ливия Миллий бирлик ҳукумати Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, пойтахт Триполидаги ҳарбий операция бугун эрталаб муваффақиятли якунланган. Тўқнашувлар оқибатида камида олти киши тан жароҳати олгани хабар қилинмоқда.

“Al-Awsat” хабарига кўра, Триполининг бир қанча ҳудудлари, жумладан шаҳар маркази электр таъминотидан узилган. Ҳарбийлар операция муваффақиятли ўтгани ҳақида маълум қилган бўлсада тафсилотлар очиқланмаган, фақатгина вазирлик ушбу ҳудудда “барқарор хавфсизлик ва осойишталикни таъминлаш учун ўз режасини якунлаш” бўйича кўрсатма берганини билдирган. АҚШ ва Франция элчихоналари зиддиятни юмшатишга чақирган.

Маълумот учун, барқарорликни қўллаб-қувватлаш аппарати 2021 йилда Миллий келишув ҳукумати президентлик кенгаши томонидан – Фаиз Сарож (2016–2021) раҳбарлигида тузилган. Унга давлат бинолари ва амалдорларини ҳимоя қилиш, шунингдек, ҳарбий амалиётларда иштирок этиш вазифалари юклатилган.

“Al-Hadath”нинг ёзишича, фуқаролар уруши даврида ал-Кикли исёнчиларнинг етакчиларидан бири бўлган. Жумладан, у 2014 йилда Триполи аэропортини эгаллаш мақсадида ўтказилган “Ливия тонги” операциясида қатнашган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ливия Триполи Абдул Ғани ал-Кикли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг