Тарихда илк бор қотиллик қурбони судда сунъий интеллект ёрдамида гапирди (видео)
Технология
−
09 Май 13132 2 дақиқа
АҚШ тарихида биринчи марта сунъий интеллект (AI) вафот этган шахсга ўз қотилига ҳукм ўқилиши чоғида судда “гапириш” имконини берди. Бу ҳақда CBS News хабар берди.
2021 йилда Аризонада йўл-транспорт ҳодисасида отиб ўлдирилган Кристофер Пелкининг оиласи унинг номидан видеомурожаат яратиш учун сунъий интеллектдан фойдаланган.
Ташаббусни Кристофернинг синглиси Стейси Уэллс илгари сурган, у видеони турмуш ўртоғи ва дугонаси (иккаласи ҳам сунъий интеллект бўйича мутахассислар) билан бирга тайёрлади.
Мурожаатида Пелки ўзининг қотили Габриэль Оркаситасни кечирганини айтди.
“Мени отган Габриэль Оркаситас қилмишидан чуқур афсусда, балки бошқа ҳаётда дўст бўлиб қолар эдик. Мен кечиримлиман ва кечиримли Худога ишонаман. Доимо ишонганман ва ҳозир ҳам ишонаман”, деди Пелки сунъий интеллект ёрдамида.
Видеодан таъсирланган судья Тодд Ланг, Оркаситасни қотиллик учун 10,5 йилга озодликдан маҳрум қилди, бу прокурор сўраган 9,5 йилдан кўпроқ.
Аризона Олий суди раиси Энн Скотт Тиммернинг таъкидлашича, сунъий интеллект адлия тизимининг самарадорлигини ошириши ва адвокат бўлмаганларга ўз далилларини яхшироқ тақдим этишга ёрдам бериши мумкин.
Бироқ, унинг сўзларига кўра, агар нотўғри ишлатилса, АI адолатга тўсқинлик қилиши ёки ҳатто бузиб ташлаши мумкин.
“Энг яхши ёндашув – мувозанатли ёндашув. Шу муносабат билан суд сунъий интеллектдан фойдаланишни ўрганиш ва ундан қандай яхши фойдаланиш бўйича тавсиялар бериш учун Сунъий интеллект қўмитасини тузди. Сунъий интеллектдан фойдаланадиганлар, жумладан, судлар ҳам ўзлари қабул қилган қарорларнинг тўғрилиги учун жавобгардир”, деди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Араб Амирликлари янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, шунингдек, амалдаги қонунларни қайта кўриб чиқиш ва ўзгартиришлар киритиш учун сунъий интеллектдан (АI) фойдаланиш ниятидалиги хабар қилинганди.
Live
Барчаси