Андижондаги сув тошқинига Россия қурилиши сабабчи экани маълум бўлди
Жамият
−
08 Май 44203 2 дақиқа
Бугун, 8 май куни Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида “Сарвонтепа” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Жанубий Фарғона канали қирғоқларининг бирига шикаст етгани оқибатида кўчаларни сув босгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик, содир бўлган сув тошқинига қўшимча ГЭС қурилиши вақтида каналга ортиқча сув ташлангани сабаб бўлгани айтилди. Ушбу тошқинларга сабаб бўлган ГЭС Россия томонидан қурилаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда “Ўзбекгидроэнерго” акциядорик жамияти хабар берди.
Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 31 декабрдаги 800-сонли қарорига асосан Россиянинг МПР молия институти маблағлари ҳисобига Жанубий Фарғона каналида “ЖФК-3 кичик ГЭС қурилиши” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг қуввати 6,9 МВт бўлиб, йилига 33 млн. кВт.соат электр энергия ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Қурилиш ишлари “тайёр ҳолда топшириш” шарти асосида Россиянинг “Энергосила” компанияси томонидан амалга оширилмоқда.
Қурилиш ишлари доирасида ГЭС қуриш ишларини ташкил этиш ҳамда вегетация даврида қишлоқ хўжалигини сув билан таъминлаш мақсадида, Жанубий Фарғона каналида сув тўсиш иншооти қурилиб, сув сарфи вақтинча айланма канал орқали қуйи қисмига йўналтирилган.
Айланма каналнинг лойиҳавий сув ўтказиш қобилияти 60 метр кубга мўлжалланган бўлиб, амалда сув сарфи миқдори 70 метр куб келгани сабабли, Жанубий Фарғона каналининг ўнг қирғоғини ювиб кетиш ҳолати юз берган.
“Ҳозирда Жанубий Фарғона каналида юз берган техноген ҳолатни бартараф этиш бўйича барча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, таъмирлаш-тиклаш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Бунинг учун зарур бўлган барча техника ва ишчи кучи ресурслари жалб этилган”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, мазкур чора-тадбирлар эртага, 9 май куни соат 14:00 га қадар тўлиқ бартараф этилади ва Жанубий Фарғона каналининг одатий иш режими тикланади. Бунда аҳоли уй-жой ва томорқа хўжаликларига етказилган зарарлар компенсация қилиниши таъминланади.