Энди Ҳиндистон Покистонга сув бермайди

Олам

image

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Ҳинд дарёси Покистонга сув етказиб беришни тўхтатгани бўйича қарор бекор қилинмаслиги ва Ҳиндистоннинг суви мамлакатнинг ўзига ҳам кераклигини айтди. Бу ҳақда NDTV хабар берди.

Маълум қилинишича, бугун, 7 май куни мамлакатдаги тадбирлардан бирига сўзга чиққан Бош вазир Моди сув ҳақида алоҳида тўхталиб ўтган.

“Шу кунларда оммавий ахборот воситаларида сув ҳақида кўплаб муҳокамалар бўлиб ўтмоқда. Олдин Ҳиндистоннинг ҳуқуқи бўлган сув ҳам мамлакатдан чиқиб кетаётган эди. Энди Ҳиндистоннинг суви Ҳиндистоннинг фойдаси учун оқади, Ҳиндистоннинг фойдаси учун сақланади ва Ҳиндистоннинг тараққиёти учун ишлатилади”, деган Бош вазир.

Маълумот учун, “Ҳинд дарёси сувлари тўғрисида”ги шартнома Ҳиндистон ва Покистон ўртасида 1960 йил Қарочи шаҳрида Жаҳон банки воситачилигида имзоланган. У Ҳимолой тоғларидан бошланиб, баҳсли Кашмир ҳудудидан оқиб ўтувчи Ҳинд ҳавзасининг олти дарёси сувларининг тақсимланишини тартибга солади.

Шартномага мувофиқ, Покистон учта ғарбий дарё – Ҳинд, Желум ва Ченаб устидан назоратни қўлга киритади.

Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги вазиятнинг кескинлашуви

22 апрель куни Ҳиндистоннинг Кашмир ҳудудида қуролланган шахслар сайёҳлар гуруҳига ўқ узди. Оқибатда 20 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Воқеа содир бўлган Паҳалгам шаҳри машҳур сайёҳлик маскани ҳисобланади. У Ҳиндистон ва Покистон даъво қилаётган баҳсли ҳудудда жойлашган.

Ҳиндистон ҳукумати Кашмирдаги терактдан кейин ўтказилган фавқулодда йиғилишда Покистонга нисбатан кенг кўламли дипломатик ва виза блокадаси жорий этишга қарор қилди. Йиғилиш якунида Ҳиндистон 1960 йилда тузилган Ҳинд дарёси бўйича сув битимини тўхтатишга қарор қилди. Бундан ташқари, Покистон билан ягона расмий қуруқликдаги чегара пункти – Аттари ёпилди. Покистон фуқароларига визасиз кириш дастури тўхтатилди ва икки давлатдаги дипломатик ходимлар сони қисқартирилди.

Шундан сўнг Покистон ҳукумати Ҳиндистоннинг сув оқимини тўхтатиш ёки буриб юборишга уриниши ҳаракатини “уруш ҳаракати” сифатида баҳолашини билдирди.
Кейинчалик Покистон Мудофаа вазирлиги ижтимоий тармоқларда Ҳиндистонга қарши урушга тайёрлигини билдириб, бир қатор баёнотлар ва видеолар эълон қилди
30 апрель куни Покистон Ахборот вазири ижтимоий тармоқдаги баёнотида Ҳиндистон уларни 24-36 соат ичида ҳужум қилишни режалаштираётгани ҳақида ишончли разведка маълумотлари борлигини айтди. Ҳиндистон бу баёнотга изоҳ бермади. Шу билан бирга, ОАВ Покистон Ҳиндистон билан чегарада 6 бор ўт очишни тўхтатиш режимини бузганини хабар қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳиндистон Покистон Нарендра Моди Ҳинд дарёси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг