Озарбайжонда бир иш доирасида 11 журналист ҳибсга олинди
Олам
−
07 Май 5196 2 дақиқа
Бугун, 7 май куни тун ярмида Озарбайжонда таниқли мустақил журналист Улвия Али (Ҳусенова)нинг уйи тинтув қилиниб, сўнгра ҳибсга олинган. У “Meydan TV” иши бўйича ҳибсга олинган 11-журналистга айланди. Бу ҳақда озарбайжонлик фаол Гулнора Меҳдиевага таяниб, 2013 йилда Германияда ташкил этилган Meydan TV хабар берди.
“Уй буткул тартибсиз ҳолатда эди. Пианино ости, тортмалар, шкаф токчалари эшиклари синдирилган. Уйдан нимани олиб кетишганини ёки нимани топишганини ҳали билмаймиз”, деган Гулнора Меҳдиева.

Қайд этилишича, январь ойида Улвия “Meydan TV” иши доирасида сўроқ қилинган ва унга мамлакатни тарк этиш тақиқланган. 2024 йил 6 декабрь куни Бакуда Meydan TV билан боғлиқ ҳолда Айнур Элгунеш, Айтаж Тапдиғ, Хаёла Ағаева, Айсел Умудова, Натиғ Жавадли ва фриланс журналист Рамин Деко (Жаброилзаде), Meydan TV ходимлари билан бир қаторда, ўша куни фуқаролик жамияти аъзоси Улви Тоҳиров, жорий йилнинг февраль ойида “arqument.az” сайтининг бош муҳаррири Шамшод Ағаев, шунингдек, Нурлан Либре, Фатима Мовламли ҳам ҳибсга олинган. Уларга олдиндан тил бириктириб, хорижий валютани контрабанда йўли билан олиб кирганлик айби қўйилган. Улвия Али “Meydan TV иши” бўйича ҳозиргача ҳибсга олинган 11-журналист бўлди.
Ҳибсга олинган журналистларнинг уйида тинтув ўтказилиб, телефонлари, компьютерлари ва бошқа шахсий буюмлари олиб кетилган. Ҳибсга олинган журналистлар ўзларини айбсиз деб билади ва Meydan TV ходимлари танқидий фаолияти учун жазоланаётганини таъкидлайди.

Айни пайтда шунга ўхшаш айбловлар билан 30 га яқин журналист ва жамоат фаоли ҳибсда экани айтилади. Улар айбловни инкор этиб, ҳибсни ўзларининг касбий фаолияти билан боғлашмоқда. Ҳукумат вакиллари эса мамлакатда сиёсий сабабларга кўра ҳибслар йўқлигини айтмоқда. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва Ғарб давлатлари расмийлари ҳукуматни айбсиз ҳибсга олинганларни озод қилишга чақирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Озарбайжон журналистлар ва сиёсий фаолларнинг ҳибсга олиниши муносабати билан Европа Иттифоқининг асоссиз айбловларини кескин рад этган эди, ўшанда ЕИ Озарбайжонни қамоққа олинганларни озод қилишга ҳамда мустақил журналистика ва сўз эркинлиги учун тўсиқсиз майдон яратишга чақирганди.