Озарбайжон Каспийни Қора денгиз суви билан тўлдиришни таклиф қилди
Олам
−
06 Май 14807 1 дақиқа
Озарбайжон Каспий ва Қора денгизни ерости туннели орқали боғлаш ташаббуси билан чиқди. Бу ҳақда “Minval Poli” нашри хабар берди.
Маҳаллий ADOG компанияси ва Зира халқаро порти Каспий денгизини Қора денгиз билан (Грузия ёки Россия ҳудуди орқали) боғлайдиган 10 метр диаметрли ерости туннели қуришни таклиф қилмоқда. Табиий баландликлар фарқи туфайли сув насосларсиз, ўз-ўзидан Каспийга оқиб тушиши мумкин.
Ташаббус муаллифлари бу лойиҳа Каспий денгизининг сўнгги йилларда доимий пасайиб бораётган сув сатҳини барқарорлаштиришга ёрдам беришини таъкидламоқда. Сув сатҳининг пасайиши минтақа иқтисодиёти, экологияси ва инфратузилмаси учун жиддий таҳдид туғдирмоқда.
Компания вакиллари лойиҳа қатъий экологик стандартларга амал қилинган ҳолда амалга оширилишини, атроф-муҳит ҳолати доимий мониторингдан ўтишини билдирган. Улар ташаббус давлат даражасида кўриб чиқилишига умид қилмоқда ва тегишли идораларни дастлабки маслаҳатлашувларга чақирмоқда.
Маълумот учун, олдинроқ олимлар 2100 йилга бориб Каспий денгизининг сатҳи 21 метрга пасайиши мумкинлигини маълум қилган. 2006 йилдан бери эса Каспийда сув сатҳи 2 метрга камайган ва бу бутун минтақа учун экологик фалокат хавфини кучайтирмоқда.
Эсалтиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Сув ресурслари ва ирригация вазирининг ўринбосари Болат Бекниёз парламентнинг қуйи палатасида Каспий денгизининг сатҳи тарихий минимал даражада пасайиб кетганини айтганди.