Россия ва Украина БАА воситачилигида асир алмашди
Олам
−
06 Май 4829 2 дақиқа
Бугун, 6 май куни Россия ва Украина 2025 йил бошидан бери 5-марта ҳарбий асирларни алмашди. Бу сафар ҳар икки томон 205 нафардан асирни озод қилди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, рус ҳарбийлари Беларусь ҳудудига етказилган бўлиб, у ерда уларга психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилмоқда ҳамда қариндошлари билан алоқа қилиш имконияти берилган. Тез орада улар даволаниш ва реабилитация учун Россияга олиб кетилади. Вазирлик, шунингдек, алмашинув Бирлашган Араб Амирликлари воситачилигида амалга оширилганини маълум қилган.
Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам 205 нафар украин ҳарбий хизматчиси ватанига қайтганини тасдиқлаган. Уларнинг орасида 2022 йилда Мариуполни ҳимоя қилганлар ҳам бор.
“Бизникилар эркин. Улар уйда… Улар Россиянинг турли ҳудудларига тарқатилган, инсониятга қарши қилинган таҳқир ва қийноқлар остида бўлган. Биз уларни қайтардик”, деб ёзди Зеленский.
У бу алмашинувни ташкил этишда қатнашган барча томонларга, айниқса БААга миннатдорлик билдирган ҳолда, Россия томонидан асир олинган барча украиналикларни қайтариш учун ҳаракатни давом эттиришини билдирди.
Маълумот учун, Украина уруш бошланганидан бери жами 4757 кишини – ҳарбийлар ва тинч фуқароларни асирликдан озод қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалги асирлар алмашинуви 19 апрель, Пасха арафасида амалга оширилган бўлиб, унда ҳар икки томон 246 нафардан асирни қайтарган. Украина, шунингдек, зудлик билан тиббий ёрдамга муҳтож 15 нафар рус асирини 31 украиналик ҳарбийга алмашган эди.
Бунгача эса 2025 йил 15 январь, 5 февраль ва 19 март кунлари алмашинувлар бўлиб ўтган. Уларда мос равишда 25, 150 ва 175 кишидан қайтарилган. Уруш бошланганидан бери Россия ва Украина 64 марта асир алмашган.