Хитойда мунтазам ортиқча ишлаб келган ходим иш жойида вафот этди
Олам
−
06 Май 5204 2 дақиқа
Хитойда Ли исмли ўқитувчи 400 нафар талабага дарс беришдан қаттиқ ишлагани ва стресс туфайли вафот этди. Бу ҳақда “South China Morning Post” хабар берди.
Ўқитувчининг аниқ ёши айтилмаган, аммо у ҳали 30 ёшга тўлмагани маълум. Ли мактаб ўқувчилари учун онлайн дарсларга ихтисослашган компанияда тахминан беш йил ишлаган. Нашрда компания номи ошкор этилмаган, бироқ репетиторлик платформасидан фойдаланувчилар сони 160 миллионга яқинлашгани кўрсатилган.
Эркак узоқ дам олиш кунларидан олдин бир неча кун қўшимча ишлашга мажбур бўлган. У 22 апрель куни сменага жўнаб кетган ва кечаси ҳам ишлаган. Рафиқаси у билан телефон орқали боғлана олмаган ва полицияга мурожаат қилган. Эрталаб фаррош Лини офисдан ўлик ҳолда топган. Кейинроқ шифокорлар унинг ўлимини тасдиқлади. Маълум бўлишича, унинг юраги тўсатдан тўхтаб қолган. Лининг оиласи унинг ўлими иш билан боғлиқлигини исботлаш учун ҳужжатлар тайёрламоқда.
25 апрель куни компания расмий баёнот билан чиқиб, ходимнинг ўлими ортиқча ишлаш билан боғлиқ эмаслигини маълум қилган. Таъкидланишича, Ли вафот этган кунда барча ходимлар байрамга таклиф қилинган, шу боис ўша куни ортиқча иш режими режада бўлмаган.
Шунга қарамай, тармоқларда собиқ ходимларнинг ушбу хабарга муносабатлари тарқалди. Улардан бирининг ёзишича, Ли 400 нафар ўқувчини бошқарган, ота-оналарнинг сўровларига жавоб қайтарган ва мунтазам кунига ортиқча олти соат ишлаган.
Ташкилотдаги иш тартиби ҳам жуда қаттиқ бўлган. Ходимлар ҳожатхонага борганда ёки тушлик қилганда ҳам раҳбариятга ҳисобот беришга мажбур бўлган. Ванг исмли собиқ ходим ўтган йили ишдан бўшатилган, чунки у доимий ҳаддан ташқари ишдан чарчаган. Чжан фамилияли ходим эса Лининг ўлимини билиб, эртаси куни ишдан бўшаган.