Энди фирибгарлар сохта рақамлардан қўнғироқ қилолмайди

Жамият

image

Энди фирибгарлар томонидан сохта рақамлар орқали фуқароларга қўнғироқ қилиш техник чекланади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда сўз боради.

Маълум қилинишича, қарор билан кибержиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларни фош этиш самарадорлигини ошириш бўйича амалдаги қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш ва қатор ташкилий-техник чораларни кўриш белгиланган.

Жумладан, кибержиноятларга қарши курашиш йўналишида ягона ишлаш амалиётини йўлга қўйишни назарда тутувчи алоҳида қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда юридик шахслар томонидан киберхавфсизлик талабларига риоя этмаганлик учун, шунингдек, ахборот технологиялари соҳасидаги барча жиноятлар юзасидан жавобгарликни кучайтириш бўйича қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш топширилган.  

Банклар, тўлов тизими операторлари, тўлов ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя этмаганлиги натижасида йўл қўйилган кибержиноят оқибатида келиб чиққан моддий зарарни улар ҳисобидан ундириш тартибини жорий этиш белгиланган.

Шу билан бирга, бундан кейин кибержиноятни содир этишда ўз номидаги банк картасидан, банк ҳисобрақами, электрон ҳамёнидан ва бошқа шахсига доир маълумотлдаридан (СИМ картаси, электрон аккаунти) фойдаланишга йўл қўйган шахслар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари ўрнатилади.

Кибержиноятларнинг олдини олиш йўналишида ахборот тизимидаги заифликлар ва камчиликлар оқибатида кибержиноят содир этилишига йўл қўйган  банклар ва тўлов ташкилотлари рўйхатини оммага эълон қилиш ҳамда аҳоли пул маблағларини жалб қилишга қаратилган онлайн фирибгарлик схемалари (“молиявий пирамида”)ни барвақт аниқлаш амалиёти йўлга қўйилади.

Шунингдек, қарор билан шахсларнинг банк карталаридаги пулларини талон-торож қилинишини тўхтатиш мақсадида банклар, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларига замонавий антифрод ва антивирус ҳимоя тизимларини жорий этиш ҳамда фирибгарлар томонидан сохта рақамлар орқали фуқароларга қўнғироқ қилишларини техник (имконсиз қилиш) чеклаш каби чоралар белгиланган.

Қарорга мувофиқ кибержиноятларни фош этиш йўналишида Марказий банк, тўлов тизими ва ички ишлар органлари вакилларидан иборат тезкор ҳаракатланиш гуруҳи фаолияти йўлга қўйилади ва мазкур гуруҳ томонидан шубҳали пул ўтказма амалиётларига алоқадор банк карталарини тезкорлик билан аниқлаш ва блоклаш каби чоралар кўриб борилади.  

Бунинг натижасида, кибержиноят орқали жиноятчилар томонидан ўзлаштирилган пулларни республика ҳудудидан чиқиб кетишини олдини олиш ва жабрланувчига қайтариш имконияти таъминланади.

Шулар қаторида, қарор билан кибержиноятларни тергов қилиш ва фош этиш фаолиятининг сифати ва самарадорлиги ошириш мақсадида ушбу жараёнида қонунчилик ижроси устидан прокурорлик назорати ҳамда илмий тадқиқот фаолияти йўлга қўйилади.  

Қайд этилишича, мазкур қарорда кўрсатилган вазифаларнинг амалга оширилиши масъул давлат органлари, ташкилотлар, банклар, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларининг фуқароларнинг кибержиноятлардан жабрланиб қолишининг олдини олиш ҳамда уларнинг молиявий хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича масъулиятини ошишига хизмат қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев кибержиноят

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг