Исроил қамали туфайли 290 мингга яқин Ғазо болалари ўлим ёқасида (фото)

Олам

gazaaa

Исроилнинг қамали туфайли Ғазода беш ёшгача бўлган болаларнинг 290 мингга яқини ўлим ёқасида қолмоқда. Бу ҳақда Ғазо ҳукуматининг оммавий ахборот воситалари идорасига таяниб, “Al Jazeera” нашри  хабар берди.

Маълум қилинишича, беш ёшгача бўлган 3500 дан ортиқ бола яқин орада очлик сабабли вафот этиши мумкин. Қолаверса, Исроилнинг икки ойдан ортиқ давом этган умумий блокадаси шароитида 70 мингга яқин бола тўйиб овқатланмаслик туфайли анклавда шифохонага ётқизилган.

“Ушбу тизимли блокада остида беш ёшгача бўлган 3,5 мингдан ортиқ бола очликдан вафот этиши мумкин, 290 мингга яқин бола эса ўлим ёқасида турибди”, дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича,  Исроил очликдан қурол сифатида фойдаланаётган бир пайтда ҳар куни 1,1 миллион болани минимал озиқ-овқат билан таъминлашнинг иложи йўқ. Халқаро ҳамжамият эса ушбу ишларга сукут сақлашда давом этмоқда.

Билдирилишича, камида 57 нафар фаластинлик очликдан ҳалок бўлган.

“Бу бутун дунё ғазабини келтириб чиқарди, аммо бу Исроилни 2,3 миллион кишилик анклавга ёрдам киришига кўндира олмади”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, яқин орада даволаш ва олдини олиш учун зарур бўлган воситалар тугаб қолади ва бу яна ўлим сонини кўпайтириб юбориши мумкин.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таъкидлашича, аҳолининг 80 фоиздан ортиғи ёрдамга муҳтож бўлган Ғазода ҳали ҳам мавжуд бўлган оз миқдордаги озиқ-овқат кўпчилик учун етарли эмас.

Ёрдам гуруҳлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари Исроилни очликдан уруш қуроли сифатида фойдаланишда айблаган.

Исроил, ўз навбатида, қамални ҲАМАСга у ҳали ҳам ушлаб турган асирларни озод қилиш учун босим ўтказиш учун зарурлигини таъкидлаган. Ғазода қолган 59 асирнинг 24 нафари тирик экани тахмин қилинмоқда.

Маълумот учун, жорий йил январь ойида Исроил ва ҲАМАС Миср, Қатар ҳамда АҚШ воситачилигида ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишув имзолаган эди. Бироқ Исроил 18 март куни Ғазо секторига зарбалар беришни қайта бошлади. Ушбу қарор ҲАМАС Исроил асирларини озод қилишдан бир неча бор бош тортгани ва барча таклифларни рад этгани сабабли қабул қилингани билан изоҳланди. Қолаверса, шу кунга қадар Исроилнинг Ғазога қарши уруши оқибатида камида 52 495 фаластинлик ҳалок бўлди, 118 366 нафари яраланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ғазо марказидаги Нусейрат қочқинлар лагерида яшаган 11 ойлик фаластинлик чақалоқ тўйиб овқатланмаслик ва зарур дори-дармонлар етишмаслиги оқибатида вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг