Россиянинг яна бир қўшнисида Ғарб давлатлари ҳарбий машғулот ўтказмоқда

Олам

image

Жорий йилнинг 5-23 май кунлари Эстония мудофаа кучлари ва иттифоқчи кучларнинг энг йирик қўшма машғулотлари “Siil 2025” бўлиб ўтади. Манёврларда Буюк Британия, Франция, Германия, Польша, Португалия, Дания, Швеция, Финляндия, Латвия, АҚШ ва Канададан 16 мингдан ортиқ аскар, Япония, Исроил ва Украинадан кузатувчи ва инструкторлар иштирок этади. Бу ҳақда Эстония Мудофаа кучлари хабар берди.

“Машғулотларнинг асосий мақсади иттифоқчилар билан ҳамкорликда Эстония ва минтақавий мудофаа режаларининг асосий вазифаларини амалга оширишни машқ қилиш, шунингдек, Мудофаа кучлари ва иттифоқдош бўлинмаларнинг жанговар тайёргарлигини синовдан ўтказишдан иборат. “Siil 2025” доирасида бу йил Эстонияга қўшимча иттифоқчи бўлинмаларни киритиш, шунингдек, ушбу бўлинмаларни Эстония дивизиясига қабул қилиш ва зудлик билан жанговар тайёргарлик билан бирлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади”, дейилади Эстония мудофаа кучлари баёнотида.

Идоранинг таъкидлашича, “Siil 2025”доирасидаги асосий жанговар тайёргарлик тадбирлари Эстониянинг шимолий-шарқий ва жануби-шарқий қисмларида, Мудофаа кучларининг бир нечта полигонларида ва уларнинг атрофида бўлиб ўтади. Машқлар камроқ даражада Эстониянинг ғарбий, шимолий ва марказий қисмларига таъсир қилади. Бирлашган иттифоқчи кучларнинг индивидуал тактик ҳаракатлари бутун мамлакат бўйлаб кузатилади.

Маълумот учун, Эстония Шимолий Европада Болтиқ денгизининг шарқий қирғоғида жойлашган, шарқда Россия, жанубда Латвия билан чегарадош. Шимолда Финляндия кўрфазида Финляндия билан денгиз чегараси мавжуд. Эстониянинг шимол ва ғарбдги қирғоқларини Болтиқ денгизи сувлари ювади.
Эстония 1991 йил 17 сентябрдан БМТ, 1993 йил 14 майдан Европа Кенгаши, 2004 йил 1 майдан Европа Иттифоқи ва 2004 йил 29 мартдан НАТО аъзоси.

Эслатиб ўтамиз,  Россиянинг яна бир қўшниси Литвада 3 майдан 23 майгача НАТОнинг “Griffin Lightning 2025” номли халқаро ҳарбий машғулотлари бўлиб ўтмоқда. Мазкур машғулотлар учун Германия ҳарбий авиацияси Литвага кўчирилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг