Ҳиндистон Покистондан товар импорти ва транзитини тўлиқ тўхтатди

Олам

image

Ҳиндистон ҳукумати Покистон билан боғлиқ ҳар қандай товарларнинг импорти ва транзитига тўлиқ тақиқ жорий этди. Бу ҳақда Ҳиндистон Ташқи савдо бош директоратининг қарорида сўз боради.

Ҳужжатга кўра, бу чеклов Покистонда ишлаб чиқарилган ёки у ердан экспорт қилинаётган барча товарларга, шу жумладан тўғридан тўғри ва билвосита етказиб бериш ҳолатларига ҳам тааллуқли.

“Бу қарор дарҳол кучга киради ва кейинги буйруққача амал қилади”, деди бош директор Ажай Бҳаду,

Шунингдек, у бу чоралар миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан кўрилаётганини таъкидлаб, фақат ҳукумат тасдиғи билан айрим истиснолар қўлланиши мумкинлигини айтган.

Паҳалгамдаги теракт

22 апрель куни қуролланган шахслар Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир штатининг Паҳалгам туманида сайёҳларга қарата ўт очиб, 26 кишини ўлдирди. Бундан ташқари, кўплаб одамлар жароҳатланган.

Ҳужум ортидан Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Саудия Арабистонига расмий ташрифини тўхтатиб, Нью-Деҳлига қайтди. Пойтахтга келгач, Моди вазиятни баҳолаш учун юқори мартабали амалдорлар билан хавфсизлик бўйича йиғилиш ўтказди. Ҳиндистон ҳукумати ҳужумда Покистондан келган одамларни айблади.

Ҳиндистон Ҳинд сувлари шартномасини тўхтатди, Нью-Деҳлида жойлашган покистонлик маслаҳатчилардан бир ҳафта ичида мамлакатни тарк этишни сўради ва Покистон фуқароларига берилган визани бекор қилди.
Покистон, ўз навбатида, айбловларни рад этди ва Ҳиндистоннинг Исломободдаги дипломатик ходимлари сонини қисқартирди.

Покистон ҳукумати Ҳиндистоннинг Ҳинд дарёси ҳавзасидаги дарёлар оқимини тўхтатиш ёки бошқа йўналишга йўналтиришга бўлган ҳар қандай уриниши уруш ҳаракати сифатида баҳоланишини айтди. Шунингдек, мамлакат Ҳиндистон билан барча савдо-сотиқни тўхтатди ва ҳаво ҳудудини ёпди.

Покистон ҳукумати, шунингдек, Ҳиндистон фуқароларига бериладиган барча визалар тўхтатилганини эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳиндистон Покистон Кашмир

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг