Ўзбекистондаги болалар тиланчилигининг сабаблари айтилди

Жамият

image

Ўзбекистонда болаларни тиланчиликка жалб қилган айрим ота-оналар тиланчиликни мунтазам равишда ўзига касб қилиб олгани, айрим ҳолларда эса бундай оилаларнинг ижтимоий аҳволи оғирлиги ёки иккала ота-онанинг иш билан банд эмаслиги маълум бўлди. Бу борада Болалар омбудсмани ўрганиш олиб борди.

Қайд этилишича, Болалар омбудсмани Ички ишлар вазирлиги ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан биргаликда республика ҳудудларида болаларни тиланчиликка жалб қилиш каби салбий ҳолатларни тизимли равишда таҳлилий ўрганиб бормоқда.  Ўрганишлар болани мазкур ғайриижтимоий фаолиятга жалб қилган айрим ота-оналар тиланчиликни мунтазам равишда ўзига касб қилиб олгани, айрим оилалар ижтимоий аҳволи оғирлиги ёки иккала ота-онанинг иш билан банд эмаслигини кўрсатмоқда.

“Ачинарлиси, аниқланган кўп ҳолатларда тиланчиликка жалб қилинган болалар мажбурий бўлган умумий ўрта таълим доирасидан ташқарида қолган. Бунга йўл қўйган ота-оналарга қонунда кўзда тутилган тегишли жавобгарлик чоралари қўлланилган”, дейилади хабарда.

Билдирилишича, ўрганиш натижасида аниқланган болаларнинг келгусида такроран тиланчиликка жалб қилинишини олдини олиш мақсадида ҳар бир ҳудудда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ушбу оилаларнинг ҳар бири билан манзилли ишлаш орқали уларнинг ижтимоий ёрдамга бўлган эҳтиёжини ўрганиш билан бир қаторда бу ота-оналарнинг болага ғамхўрлик кўрсатиши вазиятига ҳам баҳо беради.

Хусусан, оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган оилалар мониторинги олиб борилиб, улар учун зарурий ижтимоий хизмат ҳамда ёрдамларни ташкил этиш, муҳими эса болаларнинг таълим ҳуқуқини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳар Миробод туманида ўзининг уч нафар – 10, 5 ва 3 ёшли фарзандларидан фойдаланиб, уларнинг соғлом ҳаёт кечириши ва таълимга жалб қилинишини таъминламай, тиланчилик билан шуғуллангани аниқланганди. Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ томонидан фуқаро Х.А. га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик), 1883-моддаси (Тиланчилик қилиш) ва 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган. Уч нафар вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

тиланчилик болалар тиланчилиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг