Туркияда 25 минг киши полиция ёққан нашадан маст бўлиб қолди

Олам

image

Жорий йил 18 апрель куни Туркиянинг шарқий қисмида жойлашган Лиже шаҳрида ҳукумат томонидан мусодара қилинган 20 тонна наша ёқиб юборилди. Оқибатда тахминан 25 минг кишилик мазкур шаҳарча аҳолиси тутун таъсирида ўзлари истамаган ҳолда маст ҳолатга тушиб қолди. Маҳаллий аҳоли орасида бош айланиши, кўнгил айниши ва галлюцинация каби соғлиқ билан боғлиқ оммавий муаммолар юзага чиқди. Бу ҳақда “Turkiye Today” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Лиже туман полиция қўмондонлиги томонидан амалга оширилган бу кенг кўламли гиёҳвандлик воситаларини йўқ қилиш амалиёти оқибатида бир неча кун давомида шаҳарга қалин тутун тарқалган. Яшил юлдуз ассоциацияси (гиёҳвандликка қарши курашувчи нодавлат ташкилот) раҳбари Яҳё Ўжер бу ҳолатни “пассив чекадиганларга тамаки тутуни қандай зарар етказса, гиёҳванд моддалар тутуни ҳам шундай зарарли таъсир кўрсатади”, деб изоҳлаган.

Амалиётдан беш кун ўтгандан кейин ҳам маҳаллий аҳоли тутуннинг салбий оқибатларидан шикоят қилган.

“Деразаларимизни очолмаймиз. Болаларимиз касалланмоқда, доимий равишда шифохонага бориб келамиз. Бу муаммо ҳар йили такрорланади,” дейди бир фуқаро.

Йўқ қилинган гиёҳванд модданинг қиймати 10 миллиард турк лираси (тахминан 260 миллион АҚШ доллари) деб баҳоланган бўлиб, 2024 йил давомида ўтказилган 226 та наркотикка қарши рейдлар натижасида мусодара қилинган. Уларни ёқиш учун 200 литр дизель ёқилғиси ишлатилган. Таҳлилчилар бу усулни “ҳаддан ташқари нопрофессионал” деб баҳолаган.

“Энг кўнгилсиз жиҳатлардан бири – наша пакетларининг жойлашуви орқали “Lice” сўзини шакллантириб ёқиб юборилганидир. Бу эса Ўжер томонидан “ахлоқан номақбул” ва “мутлақо бефаросат ёндашув” деб баҳоланди”, дейилади хабарда.

Ассоциация вакилларининг фикрича, бундай моддалар инсонлардан узоқ, филтрлаш тизимига эга заводлар ёки махсус ҳудудларда ёқилиши лозим. Шунингдек, улар ҳуқуқ-тартибот органлари ва мактаблар учун гиёҳвандликка қарши маърифий дастурлар таклиф қилишмоқда.

Ҳозирча ассоциацияга расман ҳеч қандай шикоят тушмаган бўлса-да, аҳолининг норозилиги ва соғлиқ билан боғлиқ муаммолари оммавий ахборот воситалари ва жамоавий гуруҳлар орқали ифода этилмоқда. Диёрбакир губернаторининг баёнотига кўра, гиёҳванд моддаларни мусодара қилиш бўйича олиб борилган рейдлар доирасида 1 941 киши устидан ҳуқуқий иш юритилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия наша Лиже

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг