“Заправка”ларда метан нархи ошди
Жамият
−
01 Май 29244 2 дақиқа
Ўзбекистондаги автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларида метан газ нархи 5200 сўмгача ошди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари хабар берди. QALAMPIR.UZ манбаси ҳам буни тасдиқлади.
Ижтимоий тармоқларда бугун, 1 майдан бошлаб автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларида метан газ нархи 5200 сўмгача ошгани ҳақида хабарлар тарқалди. Шу пайтгача ҳудудга қараб 1 куб метр учун 3900 сўмдан 4250 сўмгача сотилган метан нархининг ошиши Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 апрель куни қабул қилинган “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан боғлиқ.
Унга кўра, Ўзбекистонда жорий йил 1 апрелдан электр энергияси ва табиий газ тарифлари оширилиши керак эди. Хусусан, газ қуйиш шохобчалари учун табиий газ нархи 1 куб метр учун 1800 сўмдан 2500 сўмгача (+38,9 фоиз) кўтарилиши назарда тутилганди. Бироқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамасига электр энергияси ва газ бўйича янги тарифларнинг кучга кириш муддатини 1 майгача кечиктириш бўйича топшириқ берди. Шу билан бугун, 1 майдан бошлаб Ўзбекистондаги автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларида метан нархи ҳудудларга қараб, 5000 сўмдан 5200 сўмгача ошди.
Табиий газ нархининг кўтарилиши пропаннинг ҳам биржадаги нархига таъсир қилиб, у сўнгги ой давомида қарийб 15 фоизга юқорилади.
Қайд этиш жоиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил сентябрда қабул қилинган “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 6 ой давомида автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларида метан газ нархи 3250 сўмдан ошиб кетмаслиги белгиланганди. Ушбу давр тугаши муносабати билан 2024 йил 1 апрелдан бир куб метр учун максимал нарх 3250 сўмдан 3350 сўмгача оширилиб, имтиёзли давр яна икки ойга узайтирилди. 1 июндан эса энг баланд нархи 3750 сўм этиб белгиланиб, унинг амал қилиш муддати 31 июлгача ўзгартирилди.
Live
Барчаси