Россия Одессага дрон ҳужуми уюштирди. Қурбонлар бор
Олам
−
01 Май 4924 2 дақиқа
Бугун, 1 майга ўтар кечаси Россия армияси Одесса шаҳрига дронлар билан оммавий ҳужум қилди. Оқибатда камида икки киши ҳалок бўлди, яна 15 киши яраланди. Бу ҳақда Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ҳалок бўлганлардан бири “Украина темирйўллари” ходими бўлган. Компания матбуот хизмати хабарига кўра, эркак дрон ҳужуми оқибатида ўз уйида вафот этган. Бундан ташқари, тунги ҳужум оқибатида темирйўл участкаларидан бирида йўл тармоғи, алоқа тармоғи ва учта юк вагони шикастланган.
Россия дронлари бир нечта кўп қаватли тураржой бинолари, хусусий уйлар, супермаркет, мактаб ва енгил автомобилларни шикастлаган. Қутқарувчилар ҳужумга учраган кўп қаватли бинодан 200 нафардан ортиқ аҳолининг эвакуациясини амалга оширган. Шаҳарнинг айрим туманларида ёнғинлар юзага келган.
Киев вилояти ҳам ҳужумларга учраган. Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати хабарига кўра, тунги вақтда Россия учувчисиз учиш учоқлари парчаларининг қулаши оқибатида хусусий уй ва унинг яқинидаги хўжалик иншоотида ёнғин чиққан. Ёнғин ўчирилган, жабрланганлар кузатилмаган.
Маълумот учун, Россия 21 ва 23 апрель кунлари ҳам Одессага ҳужум қилган эди. Ўшанда дронлар шаҳарнинг чеккасидаги фуқаролик инфратузилмасини нишонга олиб, икки кишини яралаган. 26 апрелга ўтар кечаси бўлган навбатдаги ҳужумда 30 та дрондан бири шаҳарнинг гавжум ҳудудидаги турар жой массивига тушиб, кўплаб хонадонларга зарар етказган ва уч киши тан жароҳати олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Украина пойтахти Киев шаҳрига ҳужум уюштирганди. Оқибатда 9 киши ҳалок бўлган, 60 дан ортиқ киши турли даражадаги тан жароҳатлари олган.
Live
Барчаси