Ҳиндистон 24-36 соат ичида Покистонга ҳужум уюштиради – Исломобод
Олам
−
30 Апрель 8284 2 дақиқа
Покистон ҳукумати Ҳиндистоннинг 24-36 соат ичида ҳарбий ҳужум уюштириши ҳақида ишончли маълумотга эга. Бу ҳақда мамлакат Ахборот вазири Аттаулла Тарар маълум қилди.
“Покистонда Ҳиндистон томонидан яқин 24-36 соат ичида ҳарбий зарба берилиши режалаштирилаётгани ҳақида аниқ маълумот бор. Ҳиндистон Паҳалгамдаги воқеани ёлғон баҳона сифатида ишлатмоқчи”, деб ёзди Тарар.
Унинг айтишича, ҳар қандай тажовузга нисбатан Исломобод қатъий жавоб қайтаради ва бу ҳудуддаги оғир оқибатлар учун тўлиқ жавобгарлик Нью-Деҳли зиммасига тушади.
Эслатиб ўтамиз, 22 апрель куни Ҳиндистон таркибидаги Жамму ва Кашмир иттифоқий ҳудудининг тоғли Анантнаг туманидаги Паҳалгам шаҳрида қуролланган шахслар сайёҳларга ҳужум қилди. Унда 26 киши – 25 нафар Ҳиндистон фуқароси ва 1 нафар Непал фуқароси ҳалок бўлди, яна ўнлаб одамлар яраланди.
Масъулиятни Покистонда жойлашган “Лашкар-и-Тайба”нинг бўлинмаси бўлган “Қаршилик ўқи” гуруҳи ўз зиммасига олди. Шундан сўнг, Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги зиддият кучайди, чегара ҳудудларида отишмалар бошланди.
Покистон Мудофаа вазири Хаваджа Муҳаммад Асиф 28 апрель куни Ҳиндистоннинг ҳарбий босқини муқаррар деган фикрни билдирди. Унга кўра, ҳарбийлар ҳукуматни Ҳиндистон томонидан эҳтимолий ҳужум ҳақида огоҳлантирган.
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Паҳалгамдаги ҳужум учун жавобгарларнинг барчаси жазоланади, деб ваъда берди. Унинг таъкидлашича, Ҳиндистон қуролли кучлари жавоб чораси ва вақтини белгилашда тўлиқ эркинликка эга.
Live
Барчаси