Ногиронлиги бор инсонларни ишга олган корхоналарга солиқ имтиёзлари берилади
Жамият
−
29 Апрель 3658 2 дақиқа
Ўзбекистонда ногиронлиги бор инсонларни ишга олган енгил саноат корхоналарига солиқ имтиёзлари бериш кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда бугун, 29 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёевга камбағал оилаларни қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш, ижтимоий хизматлар қамрови ва турларини кенгайтириш чора-тадбирлари бўйича берилган ахборотда сўз боради.
Қайд этилишича, мамлакатда эҳтиёжманд инсонлар алоҳида эътиборга олиниб, моддий ва маънавий қўллаб-қувватланмоқда. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури асосида бундай оилаларга меҳнат, таълим, соғлиқни сақлаш каби соҳаларда кўмаклашиб келинмоқда.
Шу билан бирга, бу жуда кенг ва узлуксиз жараён бўлиб, доимий такомиллаштиришни тақозо этади. Жумладан, камбағал оилаларни уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатига қараб, уч тоифада қўллаб-қувватлаш таклиф қилинмоқда.
Камбағал оилаларга 100 дан ортиқ турдаги ижтимоий хизмат, ёрдам ва имтиёзлар тақдим этилади. “Камбағал оилалар реестри”га киритиш тартиб-таомиллари қонунчилик ҳужжати даражасида белгиланади. Уларни камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал режалар тасдиқланиб, манзилли хизмат ва ёрдамлар кўрсатилади. Бундай инсонлар бандлигини чекловчи омиллар бартараф этилиб, муайян даромад топишига шароит яратилади.
Камбағал оила фарзандлари мактабдаги узайтирилган кун гуруҳлари учун тўловдан озод қилинади, аъло баҳога ўқиганлар оромгоҳларда бепул дам олиши мумкин бўлади. Камбағал оиладан чиққан аълочи талаба-қизларга базавий стипендиянинг 2 баравари миқдорида махсус стипендия тўланади.
Қайд этилишича, тақдимотда ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш чоралари ҳақида ҳам ахборот берилган.
Унга кўра, ногиронлиги бор инсонларни ишга олган енгил саноат корхоналарига солиқ имтиёзлари бериш, бундай ходимлар учун ижтимоий солиқ ставкасини пасайтириш, тадбиркорларга Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси ҳисобидан 500 миллион сўмгача субсидия ажратиш каби рағбатлар кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, электрон савдо майдончаси орқали ногиронлиги бор шахсларга тегишли товар ва хизматларни харид қилиш миқдори оширилади. Уларга касб-ҳунар ўргатиш учун техникумларда инклюзив таълим гуруҳлари ташкил этилади.
Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар қамрови ва турларини кенгайтириш мақсадида “Фаол ҳаётга қадам” дастури жорий этилади. Бундай инсонларга кундузги қатнов асосида ёки уйда қараб туриш, маиший юмушларда кўмаклашиш, йўқотилган ҳаракат фаоллигини қайта тиклаш, касалликларнинг олдини олиш каби тиббий-ижтимоий хизматлар йўлга қўйилади.
Билдирилишича, давлат раҳбари таклифларни маъқуллаб, уларни тизимли йўлга қўйиш ва бажарилишини назорат қилиш бўйича кўрсатмалар берган.
Live
Барчаси