Қозоғистонликлар урушга чорланмоқда. Ҳолат юзасидан текширув бошланди

Олам

image

Қозоғистонда хорижий давлатдаги урушда қатнашишга даъват қилувчи варақалар тарқатилиши ҳолатлари бўйича текширув ўтказилмоқда. Бу ҳақда “Tengrinews.kz” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда урушда қатнашишга даъват қилувчи варақалар тасвирланган суратлар тарқатилмоқда. Ушбу буклетларда Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги ва унинг алоқа маълумотлари кўрсатилган. Бундай суратларни ўқувчилар “Tengrinews.kz” таҳририятига юборган. Уларнинг даъво қилишича, варақалар Қозоғистон шаҳарларида – Астана, Олмата ва Атираудаги кўчаларда тарқатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан нашр Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) ва Ички ишлар вазирлигига (ИИВ) расмий сўровлар юборган. Миллий хавфсизлик қўмитасининг хабар беришича, интернетда ушбу варақаларнинг жойлаштирилиши бўйича текширув олиб борилмоқда.

“Бироқ уларнинг шаҳарларда ва вилоятларда жисмоний тарқатилгани ҳақидаги маълумотлар тасдиқланмади. Бу шундан далолат берадики, варақалар фақат интернет орқали тарқатилган, лекин амалда кўчаларда тарқатилмаган”, дейилади хабарда.

ИИВ ҳам варақалар тарқатилганини аниқламаганини билдирган.

“Шу билан бирга ижтимоий тармоқларда бошқа давлатларнинг қуролли кучлари билан шартнома тузишга ва бунинг учун пул мукофоти олишга даъват қилувчи материаллар жойлаштирилган ҳолатлар мавжуд”, дея қўшимча қилган вазирлик.

Бу ҳолатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва махсус органлар текширув олиб бормоқда.

ИИВ Қозоғистон фуқароларига мамлакат қонунчилигига риоя қилишни ва оғир ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишни қатъий тавсия қилмоқда.

Маълумот учун, Қозоғистонда фуқароларнинг бошқа давлатнинг қуролли тўқнашувида ёки ҳарбий ҳаракатларида қасддан ноқонуний иштирок этиши ёлланма белгилари бўлмаса, 5 йилдан 9 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (Жиноят кодексининг 172-моддаси).

Жиноят кодексининг 170-моддасига кўра, ёлланма жиноятнинг оғирлигига қараб, мол-мулки мусодара қилинган ҳолда Қозоғистон фуқаролигидан маҳрум қилган ҳолда ёки ундан маҳрум қилиб, умрбод 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

2022 йилдан бери Қозоғистонда фуқароларнинг хориждаги урушларда иштироки бўйича 97 та жиноят иши қўзғатилган. Бештаси 170-модда, 92 таси эса 172-моддага биноан. Яъни, камида 97 нафар қозоғистонлик хорижда ҳарбий можароларда иштирок этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бир қатор хорижий оммавий ахборот воситалари Остона Россия билан чегарада ҳудудий мудофаа бригадаларининг энг йирик гуруҳини жойлаштириши ҳақида хабар тарқатганди. Кейин эса бу мазмундаги хабарларга Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирлиги изоҳ бериб, улар фейк эканини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Қозоғистон уруш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг