НАТО Косоводаги ҳарбий иштирокини кучайтиради
Олам
−
25 Апрель 3313 1 дақиқа
Бельгия, Люксембург ва Нидерландия ўз ҳарбий хизматчиларини Косовога қайта юбориб, тинчликпарвар миссияда иштирокини тиклади. Бу ҳақда НАТОнинг Косоводаги тинчликни қўллаб-қувватлаш кучлари – KFOR баёнот берди.
KFOR баёнотига кўра, ушбу давлатларнинг ҳарбий контингентлари миссия штаб-квартирасида бўлиб ўтган байроқ кўтариш маросимида расмий равишда кутиб олинган. KFOR қўмондони, генерал-майор Энрико Бардуани янги ҳарбий хизматчиларнинг келганидан мамнунлигини билдириб, миссия таркибининг кенгайтирилиши Косовода барқарор хавфсизлик ва минтақадаги изчил тинчликка бўлган умумий ва қатъий садоқат ифодаси эканини таъкидлаган.
“KFOR ўзининг барча халқлар ва жамоалар учун хавфсиз ва барқарор муҳитни таъминлаш бўйича миссиясини давом эттирмоқда”, дейилади баёнотда.
Маълумот учун, KFOR кучлари 1999 йил 12 июнда БМТ Хавфсизлик Кенгаши мандати асосида иш бошлаган бўлиб, ҳозирда НАТО аъзолари ва унга кирмайдиган давлатлар вакиллари бўлган 29 мамлакатдан 4 500 дан ортиқ ҳарбий хизматчиларни ўз ичига олади. Эндиликда бу гуруҳ таркибига Бельгия, Люксембург ва Нидерландия ҳам қўшилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ НАТО аъзо давлатларининг сувости инфратузилмасини ҳимоя қилиш мақсадида Болтиқ денгизида янги патруль операциясини ишга туширганди. Ушбу миссия доирасида фрегатлар ва денгиз патруль самолётлари жалб қилинган.
Live
Барчаси