Қирғиз депутати Россия элчисига яна нота юборишни талаб қилди
Олам
−
25 Апрель 10072 3 дақиқа
Қирғизистонлик депутат Дастан Бекешов Ташқи ишлар вазирлигидан бир муддат олдин мамлакатни “кичик ва беадаб ташкилот”, деб атаган Россия Давлат думаси депутати Михаил Матвеевни “персона нон грата” деб тан олган ҳолда Россия элчисига нота юборишни талаб. Бу ҳақда “Вечерний Бишкек” нашри хабар берди.
“Михаил Матвеев каби одамлар мамлакатларимиз орасига нифоқ солиб, жанжал чиқариш учун ҳамма нарсани қилади. Ташқи ишлар вазирлигимиз Россия элчисига қўнғироқ қилиб, нота топширсин. Ва Матвеев персона нон грата деб эълон қилиниши керак”, деган депутат.
Парламент аъзосига кўра, айниқса, юз минглаб қирғизистонликлар ишлаётган Қирғизистон ва Россия ўртасидаги яқин гуманитар ва иқтисодий алоқалар фонида бундай баёнотларни қабул қилиб бўлмайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Россия Давлат думасининг Минтақавий сиёсат бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Михаил Матвеев Ўшдаги Рус уйи ходимининг ҳибсга олинишини изоҳлар экан, Қирғизистонни бу иши учун “кичик ва беадаб ташкилот”, деб ҳақоратлаганди.
“Рус уйи” ходимасининг қўлга олиниши
Жорий йил 17 апрель куни Қирғизистонда Россиянинг Украинадаги босқинига аскар ёллаш айблови билан Ўш шаҳрида жойлашган “рус уйи”да фаолият олиб борувчи журналист ҳибсга олинди. Маълум бўлишича, Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан ёллаш иши доирасида ушбу шахсдан ташқари яна 3 киши жумладан, Ўш шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати ходими Сергей Лапушкин ҳам қўлга олинган. Лапушкин ноқонуний тарзда армияга ёллаш ва ҳатто ўқитишни ташкил этиш билан айбланмоқда.
Уларга нисбатан жиноят иши айнан Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг тергов бошқармаси томонидан қўзғатилган. 22 апрель куни Бишкекдаги Первомай туман суди бу жараёндаги асосий қаҳрамонлардан бири ҳисобланадиган “рус уйи”да ишловчи журналист Наталья Секеринага нисбатан эҳтиёт чораси сифатида 17 июнгача ҳибсда сақлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Гумон қилинувчига Қирғизистон Жиноят кодексининг энг сўнгги, 416-моддаси 1-қисмида қайд этилган “бошқа давлатларнинг қуролли тўқнашувларида фойдаланиш, давлат ҳокимиятини ағдариш ёки ҳудудий яхлитликни бузишга қаратилган зўравонлик ҳаракатлари учун ёлланма аскарларни ёллаш, молиялаштириш, моддий қўллаб-қувватлаш, ўқитиш, шунингдек, ҳарбий можаролар ёки ҳаракатларда ёлланма аскарлардан фойдаланиш” айбловлари таҳдид солмоқда.
Ҳозирда унга нисбатан тергов ҳаракатлари давом этмоқда ва Секерина бу вақт давомида ҳибсда қолади. “Рус уйи” ходимасининг ёллаш ишига алоқадорлиги исботланса, уни Қирғизистон қонунчилиги бўйича 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кутмоқда. Секерина ҳақида ҳозиргача маълум бўлгани унинг Қирғизистон фуқароси экани, 2024 йил июль ойидан бери “рус уйида” ишлаб, ташкилотнинг Ўшдаги филиалида оммавий ахборот воситалари билан алоқага масъул бўлгани каби маълумотлардир.