Одамлар Истанбулдан қочмоқда. Чипта нархлари кескин қимматлади

Олам

image

Туркиянинг Истанбул шаҳридаги кетма-кет рўй берган зилзилалардан сўнг, шаҳарни тарк этишни хоҳловчилар сони ортди ва авиачипталар нархи кескин ошиб кетди. Бу ҳақда “Karar” хабар берди.

Истанбулда содир бўлган ва Мармара денгизи яқинидаги кенг ҳудудда сезилган зилзилалар фуқароларнинг шаҳарни тарк этиш йўлидаги истагини кучайтирган. Кетма-кет содир бўлган ер силкинишларидан сўнг, самолёт чипталарига талаб кескин ошган ва нархлар, айниқса, Истанбул-Анқара йўналишида сезиларли даражада қимматлаган. Нархларнинг қисқа вақт ичида 4 баробарга ошгани ижтимоий тармоқларда норозилик билан кутиб олинган. Маълум қилинишича, аввалдан 1000 лира бўлиб келган Истанбул-Анқара йўналишидаги чипталарнинг нархи 4000 лирадан ошиб кетган.

Парвоз қидирув тизимларида 23 апрель учун чипталар қолмаган, авиачипталарнинг 24 апрель учун тарифлари ҳам жуда юқорилаб кетган. Мутахассисларнинг фикрича, талаб ортиб бориши бевосита нархларда акс этади.

Турк ҳаво йўллари турли минтақаларга қўшимча рейслар ташкил этишини маълум қилган.

Айни дамда Турк ҳаво йўлларининг сайтида Истанбул шаҳридан Тошкентга учиш нархи 28 848 лирани ташкил этмоқда. Бу ўзбек сўмида 9 млн 704  минг 178 сўмни ташкил этади.

Истанбулда зилзила

Бугун, 23 апрель куни маҳаллий вақт билан соат 12:49 да Туркиянинг Истанбул шаҳрида 6,2 магнитудали зилзила содир бўлди. У Силиври тумани соҳилида содир бўлган. Зилзила қўшни вилоятларда ҳам сезилган. Зилзила эпимаркази 6,99 километр чуқурликда жойлашган. Қолаверса, 6,2 магнитудали биринчи зилзиладан кейин магнитудаси 3,1 дан 4,9 гача бўлган ўнта афтершок қайд этилди. Соат 12:51 да ерости силкиниши (5,9) қайд этилган. Ундан кейин 4,4, 4,8, 4,5 ва 4,9 магнитудали зилзилалар кузатилган. 13:07 дан бошлаб силкинишлар кучи 3,4 дан 3,1 гача пасайишни бошлаган. Маҳаллий мутахассисларнинг сўзларига кўра, ерости силкинишлари ҳали давом этиши мумкин.

Ушбу зилзилалар пайтида 151 киши қўрқув сабаб баландликдан сакраган ҳолда тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Истанбул губернаторлиги маълумотига кўра, зилзила оқибатида ҳеч ким ҳалок бўлмаган. Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси маҳаллий фавқулодда хизматлар билан доимий алоқада бўлиб, вазиятни кузатишда давом этаётгани ва жароҳатланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқлигини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Истанбул Туркия Мармара денгизи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг