Хитойда 100 км масофадан ҳам инсон юзини кўра оладиган камера ихтиро қилинди

Технология

image

Хитой Фанлар академияси олимлари 100 км узоқликдаги объектларни 1.7 мм аниқликда кўра оладиган янги сунъий йўлдош камерасини ихтиро қилди. Бу ҳақда “Tech Acute” хабар берди.

Қайд этилишича, янги камера 1.7 ммгача бўлган майда деталларни аниқ кўра олади. Бу эса ҳозирги анъанавий камера ва телескоплардан 100 баробар яхшироқ натижа беради.

Камеранинг асосий жиҳатларидан бири – оптик диафрагманинг 17.2 мм дан 68.8 мм гача кенгайиши. Бу 4×4 микрообъектив массивидан фойдаланиш ҳисобига амалга оширилган. Яна бир муҳим хусусият – 10 ГГцдан юқори частотали лазерлар орқали реал вақтда маълумотларни қайта ишлаш ва объектларни кузатиш имконияти.

Технология Цинхай кўлида синовдан ўтказилган. Олимлар 101.8 км масофада ойнаванд призмаларни жойлаштириб, камеранинг аниқлик даражасини текширган.

Янги камера турли соҳаларда қўлланилиши мумкин. Хусусан, табиий офатлар ва ёнғинларни кузатиш, узоқ ҳудудларда ёрдам кўрсатиш, космик тадқиқотларни ривожлантириш каби имкониятларни яратади.

Бироқ бундай юқори аниқликдаги камералар шахсий ҳаёт махфийлигига таҳдид туғдириши мумкин. Масофадан юзларни таний олиш функцияси турли баҳсларга сабаб бўлиши мумкин.

Олимлар бу технология дунёни кузатиш усулини ўзгартириши ва янги кашфиётларга йўл очишини таъкидламоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойнинг CRRC Corporation Limited корпорацияси дунёдаги энг тезкор поезд бўлишга даъвогарлик қилаётган CR450 прототипини синовдан ўтказишни бошлаганди. Пекиндаги экспериментал темирйўл ҳалқасида янги юқори тезликдаги электр поезди CR450 илк бор синовдан ўтказилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг