Қозоғистонда АЭС қуриладиган жой тасдиқланди
Олам
−
25 Февраль 2025 6936 1 дақиқа
Қозоғистон ҳукумати атом электр станциясини (АЭС) қуриш жойини белгиловчи қарор қабул қилди. Бу ҳақда “Nur.kz” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, қарор 2024 йил 30 декабрда қабул қилинган, бироқ бугун, 25 февраль куни эълон қилинган. Қарорга кўра, АЭС Олмаота вилоятининг Жамбил туманида қурилади. Қурилишнинг аниқ жойи кўрсатилмаган, бироқ 2023 йилда Қозоғистон Энергетика вазирлиги олиб борган тадқиқот натижаларига кўра, АЭС қурилиши учун Жамбил тумани Улкен қишлоғи энг мақбул ҳудуд деб топилган.
Улкен қишлоғи 1984 йилда ташкил этилган. Ўша пайтда у ерда Жанубий Қозоғистон давлат иссиқлик электр станцияси қурилиши режалаштирилган, аммо лойиҳа амалга ошмай қолган. 1997 йилда Қозоғистон Ядро жамияти ташаббуси билан бу майдон АЭС қуриш учун ажратилиши таклиф қилинган, бироқ экологлар ва маҳаллий аҳоли норозилиги туфайли қурилиш бекор қилинган.
Масофа жиҳатидан Улкен қишлоғи Тошкентдан 550 км, Бишкекдан 264 км, Олмаотадан 322 км узоқликда жойлашган.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда АЭС қуриш тўғрисидаги қарор ўтган йили ўтказилган референдумда қабул қилинган эди. Мамлакатдаги биринчи атом электр станцияси қурилишини референдум иштирокчиларининг 71,12 фоизи қўллаб-қувватлаган. АЭС 2035 йилгача қурилиши режалаштирилган. Лойиҳанинг қиймати 10-12 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Live
Барчаси