Тошкентда озарбайжонликлардан пул талаб қилиб келган жиноий гуруҳ ушланди (видео)
3-саҳифа
−
22 Январь
8882Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти томонидан мамлакат ҳудудида тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган Озарбайжон Республикаси фуқароларидан ноқонуний равишда пул талаб қилиб келган чет эллик шахслардан иборат жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Тезкор қидирув департаменти матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 1983 йилда Озарбайжон давлатида туғилган шахс акаси билан бирга Бектемир туманида жойлашган бозорда цитрус меваларнинг савдоси билан шуғулланиб келган. Ушбу шахс жорий йилнинг 10 январь куни ИИВ Тезкор қидирув департаментига ариза билан мурожаат қилиб, таниши бўлган Россия Федерацияси фуқароси билан 2024 йилнинг ноябрь ойларида вақтинча яшаш уйида меҳмондорчилик қилаётган вақтида улар орасида тушунмовчилик келиб чиққанини маълум қилган.
Маълумотларга кўра, жиноий гуруҳ вакили жабрланувчига ножўя сўзлар билан ҳақорат қилганини баҳона қилиб, 2024 йил 15 декабрь куни ўзининг жиноий шериги, 1974 йилда Озарбайжон давлатида туғилган, муқаддам бир неча марта судланган шахсни Тошкент шаҳрига чақиртирган. Унинг ёрдамида жабрланувчига тазйиқ ўтказиб, шаънига айтилган гаплар учун жавоб бериши лозимлигини ва товламачилик йўли билан 5 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларни талаб қилган. Шундан 1 минг 500 АҚШ долларини 15 декабрь куни олиб кетган бўлсада, яна 3 минг 500 АҚШ долларини талаб қилиб келган.
Ўзбекистон ИИВ Тезкор-қидирув департаменти ходимлари томонидан 2025 йилнинг 10 январь куни Миробод туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида гумонланувчилар товламачилик йўли билан талаб қилиб келаётган 3 минг 500 АҚШ долларни олаётган вақтида ушланган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисм “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган. 3 нафар шахс Жиноят процессуал кодекснинг 227-моддаси тартибида ушланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Сергели ва Яшнобод туманларида кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳ қўлга олинган эди.
LiveБарчаси