Кремль Озарбайжон депутатининг узр сўраш талабига жавоб қайтарди
Олам
−
27 Декабрь
23237Кремль Azerbaijan Airlines авиакомпаниясига тегишли самолётнинг Ақтау шаҳри яқинида ҳалокатга учраганига баҳо беришни тергов якунларига қадар нотўғри деб билади. Бу ҳақда Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
“Тергов якунлари бўйича хулосалар чиқарилгунга қадар биз ўзимизга бу масалада баҳо бериш ваколатини юкламаймиз ва бундай қилмаймиз. Шу билан бирга ушбу масалани баҳолаш бўйича бизда авиация бўйича ваколатли органларимиз бор ва фақат улар томонидан маълумот берилиши мумкин. Биз эса бу борада изоҳ беришни маъқул кўрмаймиз”, деди Песков.
Шунингдек, журналистлар Озарбайжон парламенти депутати Расим Мусабековнинг авиация ҳалокати учун Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари самолётни уриб туширган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги гапи ва бу борада узр сўраш талабига Кремль қандай муносабат билдиришини сўраган.
“Албатта, биз буни кўрдик, лекин яна бир бор такрорлайман, мен бу борада айтганларимга бошқа қўшимча қиладиган гапим йўқ”, деб жавоб берган Песков.
Эслатиб ўтамиз, 25 декабрь куни Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Баку-Грозний йўналишидаги самолёти ҳалокатга учраганди. Авиакомпания маълумотларига кўра, самолётда 62 нафар йўловчи ва беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, 29 киши омон қолган. 38 киши ҳалок бўлган.
Шундан сўнг Озарбайжон парламенти депутати Расим Мусабеков Россия томони Azerbaijan Airlines фуқаролик самолётини ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширгани учун узр сўраши кераклигини айтди.
LiveБарчаси