Япония Россия активлари ҳисобидан Украинага 3 млрд доллар ўтказади
Олам
−
26 Декабрь 2024
2794Япония ҳукумати Россиянинг музлатилган активларидан тушган фойдадан Киевга яна 3 миллиард доллар ўтказади. Бу ҳақда 25 декабрь куни Украина Президенти Владимир Зеленский Япония Бош вазири Сигэру Исиба билан телефон суҳбатидан сўнг маълум қилди.
Бир ой олдин Токио G7 мамлакатлари ташаббуси доирасида Украинага худди шундай миқдорни ажратган эди: у Киевга Россия активлари гарови билан умумий қиймати 50 миллиард доллар миқдорида кредит беришни назарда тутади.
Зеленский Исиба билан суҳбатда Япония ҳукумати ва халқига “минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш имконини берувчи умумий қиймати 12 миллиард долларлик барча йирик гуманитар ва молиявий ёрдам учун” миннатдорлик билдирди. Шунингдек, у Япония Бош вазирига 25 декабрга ўтар кечаси Россия қўшинлари томонидан Украина энергетика инфратузилмасини оммавий равишда ўққа тутгани ҳақида гапириб берди.
Япония Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошидан бери Киевга молиявий, гуманитар ва ноҳарбий ёрдам кўрсатиб келмоқда.
Жорий йилнинг июнь ойида G7 мамлакатлари етакчилари Украинага 50 миллиард долларлик кредит ажратишни маъқуллаган эди, у Россиянинг музлатилган активларидан олинган фойда ҳисобига қайтарилади.
АҚШ Президенти Жо Байден 23 декабрь куни Қўшма Штатлар Россиянинг музлатилган активларидан олинадиган фойда эвазига Украинага 20 миллиард доллар кредит ажратишни ниҳоят маъқуллаганини маълум қилди. Қолган 30 миллиард долларлик кредит G7’нинг бошқа ҳамкорлари – Британия, Германия, Италия, Канада, Франция ва Япониядан олинади. 2024 йил охиригача Украинага маблағлар оқиб кела бошлаши кутилмоқда.
“Ушбу кредитлар Украина халқини ўз мамлакатини ҳимоя қилиш ва қайта қуришда қўллаб-қувватлайди. Бу Владимир Путинга дунё Украина атрофида бирлашганини ҳамда АҚШ ва G7’даги ҳамкорларимиз уни ҳар қадамда қўллаб-қувватлашда давом этишини яна бир эслатади”, деди Байден баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Украина Бош вазири Денис Шмигаль Вашингтон томонидан Киевга Россиянинг музлатилган активлари ҳисобидан биринчи 1 миллиард доллар ўтказилганини маълум қилган эди.
LiveБарчаси
18 Февраль
18 Февраль