Трамп ФҚБ раҳбарлигига ўта ўнгчи Кэш Патель номзодини илгари сурди
Олам
−
01 Декабрь
4278АҚШ президентлик сайловларида ғалаба қозонган 78 ёшли республикачи Дональд Трамп Федерал қидирув бюросининг янги раҳбари этиб ўзининг биринчи муддатида Миллий разведка директорининг собиқ маслаҳатчиси ва Мудофаа вазирининг штаб бошлиғи бўлган 44 ёшли Кэш Пателни тайинламоқчи. Бу ҳақда Трамп бугун, 1 декабрь куни ўзининг Тruth Social саҳифасида маълум қилди.
“Мен Кэш Патель Федерал қидирув бюросининг навбатдаги директори сифатида иш бошлашини мамнуният билан эълон қиламан. Кэш ўз фаолиятини коррупцияни фош қилиш, адолатни ўрнатиш ва Америка халқини ҳимоя қилишга сарфлайди. ФҚБнинг янги раҳбари Америкада кучайиб бораётган жиноят эпидемиясига барҳам беради, мигрантларнинг жиноий тўдаларини йўқ қилади, гиёҳванд моддаларнинг трансчегаравий савдосини тўхтатади”, деб ёзди Трамп.
Маълумот учун, Кэш Патель 2005 йилда ҳуқуқшунослик факультетини тамомлагандан сўнг, саккиз йил Флорида штатида жамоат ҳимоячиси бўлиб ишлаган. Дастлаб Майами-Дейд округи жамоат ҳимоячиси идорасида, кейинроқ федерал жамоат ҳимоячиси сифатида хизмат қилган. Патель 2019 йилнинг февраль ойида Трампнинг биринчи президентлик даврида Миллий хавфсизлик кенгаши ходими сифатида ишга қабул қилинган, Халқаро ташкилотлар ва альянслар дирекциясида ишлаган. 2019 йилнинг июль ойида Терроризмга қарши кураш бошқармасининг катта директори бўлган. “Тhe Wall Street Journal” хабарига кўра, Патель 2020 йилнинг бошида Дамашқда махфий миссияни олиб борган. Трамп Пателни Украина сиёсати бўйича энг яхши мутахассислардан бири, деб атаган.
“Reuters”га кўра, Патель аввалроқ ФҚБни разведка функцияларидан маҳрум қилиш ва унинг сафини Трампнинг кун тартибини қўллаб-қувватлашдан бош тортган барча ходимлардан тозалаш тарафдори бўлган. У 2021 йил январида Капитолийга бостириб кириш бўйича тергов доирасида сўроқ қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ республикачи Дональд Трамп АҚШ молия вазири лавозимига америкалик инвестор Скотт Бессентни, Адлия вазири ва Бош прокурори лавозимига номзод сифатида Пэм Бондини, Таълим вазири лавозимига ишбилармон аёл ва собиқ профессионал курашчи Линда Мари Макмахонни тайинламоқчи эканини маълум қилганди.
LiveБарчаси