Ўзбекистон ва Хитой визасиз режим масаласида музокара ўтказди
Олам
−
26 Ноябрь
4044Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари ва Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик департаменти вакиллари ўртасида учрашув ўтказилди. Бу ҳақда “Дунё” хабар берди.
Қайд этилишича, Хитой ТИВ Консуллик департаментининг Виза сиёсати ва ишлари бошқармаси директори Сон Шию билан консуллик – ҳуқуқий соҳадаги икки томонлама ҳамкорликка оид кенг кўламли масалалар муҳокама қилинган.
Музокаралар чоғида Хитойнинг виза сиёсати, икки мамлакат фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда Ўзбекистон – Хитой ўртасидаги соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий базани кенгайтириш хусусида фикр алмашилган.
“Хитой томонига сўнги йилларда мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, тадбиркорлик, бизнес ва хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар ҳамда бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Ҳукуматимиз томонидан Ўзбекистон ва дунёнинг бошқа мамлакатлари ўртасида визаларни либераллаштиришга устувор масала сифатида қаралаётгани таъкидланиб, бу борада эришилган ижобий натижаларга тўхталиб ўтилди”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, Ўзбекистон томони учун келгусида ҳам консуллик – ҳуқуқий соҳадаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири хорижий давлатлар билан виза тартибини янада эркинлаштириш, хусусан, виза талабларидан ўзаро озод этиш тўғрисида келишувларга эришиш ҳисобланиши айтиб ўтилган.
Шунингдек, томонлар ўзаро самарали ҳамкорлик натижасида икки мамлакат фуқаролари алмашинувини кенгайтириш ва туризм соҳасини изчил ривожлантиришдан бирдек манфаатдор эканлигини қайд этган.
Бошқарма директори Сон Шию Ўзбекистондаги сиёсий, иқтисодий ижобий ўзгаришлар, айниқса, сўнги йилларда дунё мамлакатлари билан визаларни либераллаштириш борасида олиб борилган самарали натижаларни юқори баҳолаб, Хитой томони ҳам ушбу йўналишдаги ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлигини билдирган. Соҳага оид олдинда турган масалаларни биргаликда ҳал этишга келишиб олинган.
LiveБарчаси
“Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси ўзгарди.
04 Декабрь
Доллар курси бироз пастлади.
04 Декабрь