Абхазияда мухолифат ҳукумат биноларини эгаллаб олди (видео)
Олам
−
15 Ноябрь
7012Тан олинмаган Абхазия республикасида мухолифат вакиллари ҳукумат бинолари мажмуасини тўлиқ назоратга олди. Тартибни таъминлаш учун ичкарида бўлган куч тузилмалари ходимлари эса биноларни тарк эта бошлади. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.
Қайд этилишича, намойишчилар аввалига Сухумидаги “президент” маъмурияти биноси эшигини бузиб кириб, у ерни эгаллаб олган. Кейинчалик мухолифат ҳукумат бинолари мажмуасининг барча қисмларини, шу жумладан, республика вазирлар маҳкамаси ва парламент биносини ҳам назоратга олган. Бунинг ортидан тартибни сақлашга масъул бўлган куч тузилмалари ходимлари биноларни тарк этишни бошлаган.
Қайд этиш жоиз, Абхазияда норозилик намойишлари бир неча кундан бери давом этмоқда. Маҳаллий мухолифат асосан Москва ва Сухуми ўртасидаги республикага Россия инвестицияларини жалб қилишга доир келишувга норозилик билдирмоқда. Мухолифатга кўра, бу келишувдан Абхазия иқтисодий фойда олмайди ва ундан воз кечиш зарур.
Маълумот учун, Абхазия – Қора денгиз соҳилида жойлашган, Шимолий Кавказнинг жанубий қисмидаги ҳудуд. Абхазия ўзини мустақил давлат деб эълон қилган, аммо халқаро миқёсда унинг мустақиллиги тан олинмаган. Кўплаб давлатлар, шу жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти уни Грузия ҳудуди деб ҳисоблайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Абхазияда намойишчилар мамлакат парламенти олдидаги тўсиқни бузиб, унинг ҳудудига бостириб киргани ва оқибатда кучишлатар тузилмалар билан тўқнашув содир бўлгани хабар қилинган эди.