Польша Россиянинг Познандаги консуллигини ёпади
Олам
−
22 Октябрь
2671Варшава Познандаги Россия консуллигини ёпмоқда, унинг ходимлари Польшада персона нон грата деб эълон қилинди. Бу ҳақда бугун, 22 октябрь куни Польша Ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Польша дипломатияси раҳбари бу қадамни Россия томонининг саботаж фаолияти билан изоҳлади.
“Россия Федерацияси республика ҳудудида қўпорувчилик ҳаракатини амалга оширишга уринди. Прокуратура маълумотларига кўра, у (режалаштирилган саботаж) Россия давлати тузилмалари томонидан бошланган ва улар томонидан назорат қилиниши керак эди”, деб ёзган Сикорский.
Унинг қўшимча қилишича, у "бу ҳаракатлар ягона эмаслиги ва такрорланиши мумкинлиги" ҳақида маълумотга эга.
Польшанинг “Onet” интернет-нашрининг ёзишича, Польша прокуратурасининг хулосалари "икки маълумотли диверсант" – 51 ёшли Украина фуқароси Сергей С.нинг Россия махсус хизматлари кўрсатмаси бўйича Вроцлав шаҳридаги бўёқ ишлаб чиқарувчи корхонада ўт қўйишга тайёргарлик кўраётганини тан олишига асосланади.
“Россия гибрид уруш олиб бормоқда. У Польша ҳудудида саботаж қилишга уринмоқда. Ташқи ишлар вазири сифатида бунга қатъий жавоб бериш менинг масъулиятим. Биринчи қадам Познандаги Россия консуллигининг ёпилиши бўлади. Биз орқага қадам ташламаймиз. Биз Польша Республикасини ҳимоя қиламиз, биз полякларни ҳимоя қиламиз”, дейди Сикорскийнинг Х ижтимоий тармоғидаги бошқа постида.
Москва Польшанинг Познандаги Россия консуллигини ёпиш ҳақидаги қарорини кескин танқид қилди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Россия давлат ахборот агентлигига берган изоҳида Польшанинг бу ҳаракатини "яна бир душманона қадам бўлиб, унга оғриқли жавоб берилиши”ни айтди.
LiveБарчаси