“Док-1 Макс”дан “куйган” Ўзбекистон Ҳиндистон билан фармацевтика хавфсизлигини муҳокама қилди
Жамият
−
18 Октябрь
3099Ўзбекистон Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Алишер Темиров Ҳиндистон дори воситалари стандартларини назорат қилиш марказий ташкилоти вакили Ранга Чандрашекxар билан фармацевтика соҳасида сифат ва хавфсизлик масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази хабар берди.
Унга кўра, жорий йилнинг 16 октябрь куни ўзбекистонлик делегация вакиллари Ҳиндистоннинг гиёҳванд моддаларни назорат қилиш бўйича Марказий ташкилоти (CDSCO) расмийлари билан учрашув ўтказган. Учрашув давомида эса фармаконазорат тизимини ривожлантириш, фармацевтика маҳсулотларининг ножўя таъсирларини камайтириш ва потенциал хатарларнинг олдини олиш имкониятлари кўриб чиқилган.
“Мазкур йўналишда халқаро ҳамкорликни кучайтириш орқали халқ саломатлигини таъминлаш муҳимлиги қайд этилди. Шунингдек, марказ директори Алишер Темиров Ўзбекистон фармбозорига сифатсиз ва сохта дори воситаларининг кириб келишининг олдини олиш учун самарали механизмлар ишлаб чиқиш муҳимлиги, бу борада аниқ чоралар белгилаб олиш ва регламент ҳужжатларининг ҳақиқийлигини текширишда яқин ҳамкорлик қилиш зарурлигини алоҳида таъкидлади”, дейилади хабарда.
Ҳиндистон томони эса сифат назоратидан ўтмаган фармацевтика маҳсулотларининг Ўзбекистон бозорига кириб боришига йўл қўймаслик учун ўзининг ички назорат механизмларини янада такомиллаштириш ва Марказ билан ҳамкорликни кучайтиришга тайёр эканлигини билдирган.
Музокаралар якунида ҳар икки томон юқорида қайд этилган йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича қўшма меморандум имзолашга келишиб олган.
Маълумот учун, 2022 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг “Док-1 Макс” таблетка ва сиропидан жами 70 нафарга яқин боланинг ўлим ҳолати кузатилган. Мазкур дори савдоси буткул тўхтатилиб, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатган. Кўриб чиқилган суд иши якуни бўйича эса жами 19 киши жазоланган.
Улар орасида 1972 йилда Ҳиндистон Республикасида туғилган, “Quramax Medical” МЧЖ директори лавозимида ишлаган Сингх Рагвендра Пратап ҳам бўлиб, у Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисми, 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари, 211-моддаси 3-қисми “а” банди, 213-моддаси 3-қисми “а” банди ва 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари, 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган. Жазони ўтаб бўлганидан кейин эса Ҳиндистон фуқароси Сингх Рагвендра Пратапни Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқариб юбориш белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, "Док-1 Макс" иши бўйича айбдорларга суд ҳукми ўқилгани ҳақида жорий йилнинг февраль ойида QALAMPIR.UZ махсус репортаж тайёрлаган эди.
Марям Чориева
LiveБарчаси