Россия расмийлари мигрантлар билан “яқинроқ танишмоқчи”
Олам
−
26 Август
16728Россия ҳукумати мамлакатнинг барча резидентлари тўғрисидаги ягона маълумот манбаи бўлган Федерал аҳоли реестрида жойлашган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тўғрисидаги маълумотлар рўйхатини кенгайтирмоқчи. Бу ҳақда Федерал Солиқ хизмати томонидан давлат харидлари порталида жойлаштирилган тегишли ишлар бўйича шартномага таяниб, РБК хабар берди.
Қайд этилишича, реестрга Россияда қисқа муддат (олти ой ичида 90 кунгача) бўлган хорижликлар тўғрисидаги маълумотлар киритилиши кутилмоқда. Бугунги кунга қадар у фақат мамлакатда узоқ вақт бўлган мигрантлар, яъни яшаётган ёки ишлаётганлар ҳақидаги маълумотларни акс эттирарди. Айни пайтда Россияда бўлишнинг максимал муддати 90 кун билан чекланган хорижликларни рўйхатга олиш (сайёҳлар, ишбилармонлар ёки меҳмонлар ташрифлари, гуманитар визалар ва ҳ.к.) Аҳолининг ягона реэстрида сақланмайди.
Бундан кўзланган мақсад Россияга қисқа муддатга келган чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тўғрисидаги маълумотларнинг ягона реестрда қайд этилишини синаш ва уларнинг маълумот профилларини шакллантириш. Бундай профиль қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши кутилмоқда:
- Россия чегарасини кесиб ўтиш тўғрисидаги маълумотлар ва чет элликларнинг мамлакатда бўлиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар;
- ишлаш учун рухсатномалар ёки меҳнат патентлари берилганлиги, уларни қайта тиклаш ёки бекор қилиш тўғрисидаги маълумотлар;
- яшаш учун рухсатнома ёки вақтинчалик яшаш учун рухсатнома берилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;
- қочқин гувоҳномаси, Россияда вақтинчалик бошпана гувоҳномаси берилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;
- фуқаролиги бўлмаган шахсларга вақтинчалик шахсий гувоҳномалар берилганлиги тўғрисидаги маълумотлар.
Бундан ташқари, хорижликларнинг солиқ органларида рўйхатга олинганлиги, мажбурий пенсия суғуртаси тизимида ва мажбурий тиббий суғурта тизимида суғурталанган шахсларнинг ягона реестрида рўйхатга олинганлигини назорат қилиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Россиядан рус тилини билмаган мигранлар чиқариб юборилиши мумкинлиги хабар қилинган эди.
LiveБарчаси